Сиёсат

дайжест

Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Илҳом Собиров Андижон вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди. У бунга қадар «Ўзчармсаноат» уюшмасида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаган.


дайжест

Кон-геология вазирига янги ўринбосар тайинланди

Урал Юсупов тоғ-кон саноати ва геология вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимда ишлаган.


дайжест

Мирзиёев Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилидаги асарлари тўпламини совға қилди

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Унга Махтумқулининг ўзбек тилидаги асарлари тўпламини совға қилди.


дайжест

Шавкат Мирзиёев Эрон президенти билан учрашди

Ашхобод форуми доирасида Ўзбекистон ва Эрон президентлари учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар Имтиёзли савдо битими маҳсулотлари рўйхатини кенгайтириш, кооперацияларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.


дайжест

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига бағишланган форумда нутқ сўзлади

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумда иштирок этди. У туркман шоири мероси шарқ шеърияти ва жаҳон адабиётини бойитганини таъкидлади. «Махтумқули ўзбек халқи учун ҳам ғоят ардоқли ва суюкли сиймо», — деди давлат раҳбари.


Иқтисодиёт

дайжест

Фан олимпиадалари ғолиблари олган пул мукофотлари ва совғалари даромад солиғидан озод этилади

Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади. Шунингдек, фан олимпиадалари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириладиган, уларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиладиган махсус сайт ишга туширилади.


дайжест

Ўзбекистонда қайси автомобиллар энг кўп сотилмоқда?

Ўзбекистонда йил бошидан буён маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 300 мингдан зиёд автомобили сотилди. UzAuto Motors`нинг бу бозордаги улуши 89,4 фоизни ташкил этмоқда. Машиналари энг кўп сотилаётган брендлар ўртасида Chevrolet`дан кейинги ўринларни Kia, BYD ва Chery эгаллади.


дайжест

«Худо хоҳласа, 2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари

2025 йилда электр энергияси ва газ тарифлари ислоҳотининг асосий босқичини якунлаш режалаштирилмоқда, деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам аҳоли, ҳам корхоналар томонидан энергия ресурсларидан рационал фойдаланилишига хизмат қилади.


дайжест

«ЖСТга аъзо бўлиш учун қоидаларнинг 29 фоизи уйғунлаштирилди, олдинда ҳали қанча ишимиз турибди» — президент

Ўзбекистон ўз қонунчилигини ЖСТ келишувлари билан 29 фоизга уйғунлаштирди (йил бошида кўрсаткич 25 фоиз эди), деди Шавкат Мирзиёев. Президент 269 лаборатория ва 2000 дан ортиқ маҳаллий стандартларнинг халқаро стандартларга мувофиқ тан олинишига эришиш бўйича топшириқ берди.


дайжест

НКМК биринчи марта 1 млн долларлик евробондлар чиқарди. Маблағ қандай мақсадда ишлатилади?

Навоий кон-металлургия комбинати илк марта, икки траншда 4 ва 7 йил муддатга умумий қиймати 1 млрд долларлик дебют еврооблигацияларни чиқарди. НКМК маблағдан капитал қўйилмалар бўйича дастурларни молиялаштириш, мавжуд қарзни тўлаш ёки муддатидан олдин сўндириш ва бошқа мақсадларда фойдаланмоқчи.


дайжест

Ўзбекистон электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни 2027−2028 йилларда якунлашни режалаштирмоқда — Жамшид Қўчқоров

Ўзбекистонда электр энергияси улгуржи бозорига 2027 йилда, газ бозорига эса 2028 йилда тўлиқ ўтиш режалаштирилган, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. «Биз Ўзбекистон қазиб олиш бозорига кўпроқ компаниялар киришини истаймиз», — таъкидлади у.


дайжест

Наманганда АҚШ кўмагида органик минерал ўғитлар заводи ишга тушди

Наманган вилоятида «Ифода Агро Кимё Ҳимоя» корхонаси гранулали органоминерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводни ишга туширди. Лойиҳа учун USAID’нинг ўғитлардан самарали фойдаланиш жамғармаси 460 минг доллар миқдорида грант ажратди.


Жамият

дайжест

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаров бир қанча жиноятда айбдор деб топилиб, озодлиги чекланди

Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Азимжон Назаров суд томонидан бир нечта жиноятда айбдор деб топилди. Назаров 550 минг доллардан ортиқ миқдоридаги зарар етказгани аниқланган. Суд унга нисбатан 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.


дайжест

Якшанба кунидан ҳаво совий бошлайди

13 октябрдан Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ҳавo ҳарорати кечалари +3…+8, баъзи жойларда 0…−2 даражагача, кундуз кунлари +13…+18 даражагача пасаяди.


дайжест

«Метрога яқин корхоналарнинг иш вақтини ўзгартириш таклифи ишлаб чиқилмоқда» — Тошкент метрополитени

Пойтахтдаги метро бекатларига яқин бўлган ишлаб чиқариш корхоналарининг иш вақтини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Унга кўра, иш соат 08:00 да эмас 09:00 да бошланади. «Бу нафақат транспортдаги тиғизлик, балки йўллардаги тирбандликларни ҳам камайтиради», — деди метрополитен бош муҳандиси.


дайжест

ДХХ Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди

ДХХ чегара қўшинлари хизматчилари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб келинган гиёҳванд моддаларни мусодара қилди. Мазкур ҳолатларда қўлга олинган гумондорларга жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.


дайжест

Самарқандда вояга етмаган қизга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди

Самарқанд шаҳрида яшовчи 38 ёшли эркак кўчада ўйнаб юрган вояга етмаган қизга нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар қилишда айбланиб, 5 суткага қамалди. Эркак айбига иқрор бўлиб, суддан енгиллик сўраган.


дайжест

Тошкентда 10 кунда 32 нафар «закладчик» ушланди

Тошкент шаҳрида октябрь ойи бошида 32 нафар гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатувчи шахс қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.


дайжест

Тошкентда Matiz ва Spark тўқнашуви оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 3 киши жароҳатланди

Олмазор туманида Matiz ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб Spark билан тўқнашди. Оқибатда 40 ёшли Spark ҳайдовчиси ҳалок бўлди, яна 3 киши шифохонага олиб кетилди.


дайжест

Дам олиш кунлари жойларда ёмғир ёғади

Шанба куни Ўзбекистоннинг айрим жойларида, якшанба куни катта қисмида ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда у қорга айланади. Ҳарорат кечаси +10…+15, кундузи +17…+25 даража атрофида бўлади.


дайжест

Тошкентда мушук боласини деразадан улоқтирган мактаб ўқитувчиси ишдан бўшатилди

Тошкентда еттинчи синф ўқувчилари кўз ўнгида мушук боласини иккинчи қават деразасидан улоқтирган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Мактаб директори «ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун» интизомий жазога тортилди.


дайжест

Фан олимпиадалари марказининг вазифаси нимадан иборат бўлади?

Ўзбекистонда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилиши белгиланди. Марказнинг асосий вазифаси қобилиятли, фанларни чуқур ўрганишга қизиқувчи ёшларни аниқлаш ва селекция қилиш, улардаги иқтидорни янада ривожлантириш учун шароит яратиш бўлади.


дайжест

Тошкентда фавқулодда чақирув тугмаси ва мультимедиа тизимига эга автобус бекатлари ўрнатилади

Пойтахтда металл конструкцияли автобус бекатлари ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Улар Wi-Fi, USB портлари, реклама баннерлари учун экранлар, фавқулодда чақирув тугмалари ва видеокузатув камераси билан жиҳозланади.


дайжест

Наманганда чиқинди ташиш корхонаси фуқаролардан асоссиз маблағ олгани аниқланди

Рақобат қўмитаси «Наманган мусаффо иқлим» МЧЖга 700 мингдан ортиқ истеъмолчига 11 млрд сўмлик маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берди.


дайжест

Дам олиш кунлари Тошкентда қаерларга бориш мумкин? (12−13 октябрь)

Еттита кинопремьера, қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси, «Браво» ва Конста концертлари, фотокўргазма, ижодий маҳорат дарслари, театр томошалари, болалар учун кўнгилочар дастурлар, дўконлардаги чегирмалар ва дам олиш кунларидаги бошқа тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.


Маданият

дайжест

Тошкентда Х Халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади

14−18 октябрь кунлари Тошкентда Х Халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади. Бу йил 40 та мамлакатдан рассом ва кураторлар иштирок этиши кутилмоқда. Кўргазмаларда 120 дан ортиқ санъат асарлари намойиш этилади. Дастурда хорижлик рассомларнинг маҳорат дарслари ва халқаро конференция ўрин олган.


Спорт

дайжест

Футбол бўйича Ўзбекистон ва Эрон учрашуви — суратларда

Пайшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг учинчи босқичидан ўрин олган навбатдаги ўйинда Эрон билан дуранг ўйнади. «Газета.uz» мухбири Евгений Сорочин ўйиннинг эътиборга молик лаҳзаларини суратларга муҳрлади.


Жаҳон

дайжест

Тинчлик бўйича Нобель Япониядаги атом бомбасидан жабрланганлар ташкилотига берилди

2024 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти Япониянинг Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларидан жабрланганларни бирлаштирган Нихон Ҳиданкё ташкилотига топширилди. Мукофот «ядро қуролларидан бошқа ҳеч қачон фойдаланмаслик кераклигини исботлагани учун» берилди.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!