10 октябрь куни бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Петербург халқаро газ форумида Ўзбекистоннинг электр энергияси ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлаш режалари ҳақида гапирди.

«Биз аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларни табиий газ билан ишончли таъминлашимиз керак. Албатта, ўзимизнинг ишлаб чиқаришимиз бор, лекин айни пайтда импорт қиляпмиз. Биз ҳозирда иқтисодий ўсишни ҳам, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини оширишдан кутилаётган натижаларни ҳам ҳисобга олишимиз керак», — деди у.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2027 йилда электр энергияси бўйича, 2028 йилда эса табиий газ бўйича улгуржи бозорга ўтишни якунлашни режалаштирмоқда. «Бизда газ қазиб олиш ҳам ўз компанияларимиз томонидан, ҳам МТБ (маҳсулотни тақсимлаш битими — таҳр.) доирасида амалга оширилади. Янги кичик компаниялар бор. Биз Ўзбекистон қазиб олиш бозорида кўпроқ компаниялар бўлишини истаймиз», — деди у.

Иқтисодиёт ва молия вазири Ўзбекистонда электр энергияси бозорини ислоҳ қилиш, самарадорликни ошириш ва табиий газ йўқотишларини камайтириш бўйича ислоҳотларнинг элементи сифатида давлат-хусусий шериклик механизми орқали газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказиш дастури қабул қилинганини таъкидлади.

«Ҳозир биз Бухоро вилояти мисолида шундай лойиҳа тайёрлаяпмиз ва бу ҳам, бизнингча, табиий газ йўқотишларини камайтиришга хизмат қилади. Туркия 63 млрд куб метр газ истеъмол қилишини эшитгансизлар. Улардан аҳолимиз икки баравар кам ва иқтисодиётимиз ҳам кичикроқ бўлишига қарамай бизда истеъмол бир оз камроқ холос. Бу ҳали анча ишлашимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда биз ушбу форумда „Газпром“, россиялик ва бошқа ҳамкорларимиз билан ишларни давом эттириш мақсадида иштирок этаётганимизни айтиб ўтишим лозим», — деди Жамшид Қўчқоров.

Масаланинг тарихи

2020 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев электр энергияси ва табиий газнинг биржа савдолари асосидаги улгуржи бозорини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилганди. Бунда барча иштирокчилар учун тенг имконият берилиши ҳамда нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизми тузилиши қайд этилганди.

Бу давлат раҳбарининг 2023 йил 28 сентабрдаги «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам кўзда тутилган. Ҳужжатга мувофиқ, очиқ рақобат муҳитига эга энергетика бозори яратилади.

Президент 2023 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишда 2026 йилгача электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллантириладиган эркин улгуржи бозорни жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Шу билан бирга, давлат раҳбари меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергетика тизимини қуйи бўғингача рақамлаштириш, инсон омилини бартараф этувчи, реал вақт режимидаги интеллектуал бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарурлигини кўрсатиб ўтганди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда президент биринчи навбатда Туркия тажрибасини ҳисобга олиш бўйича топшириқ берганини таъкидлаганди.

Президентнинг 30 августдаги «2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги тақсимловчи электр ва газ тармоқларини хусусий операторлар тасарруфига ўтказиш режалаштирилмоқда. Октябрь ойида Самарқанд вилоятида тендер бошланади. Энергорегулятор раҳбари Шерзод Ходжаев электр тармоқларини хусусий мулкдорларга ўтказиш нега зарурлигини тушунтирганди.

Улгуржи газ бозори турли иштирокчилар, масалан, газ қазиб олувчи компаниялар, импортёрлар, газ тармоқлари операторлари ва йирик саноат истеъмолчилари ўртасида катта ҳажмларда табиий газ савдоси учун ташкил этилади.

Электр энергиясининг улгуржи бозори — бу электр энергияси ишлаб чиқарувчилар (электр стансиялари), савдо компаниялари ва йирик истеъмолчилар (масалан, ҳудудий тармоқ компаниялари ва йирик саноат корхоналари) ўртасида сотиладиган ва сотиб олинадиган платформа.