Навоий кон-металлургия комбинати илк бор еврооблигациялар чиқарди, Лондон фонд биржасида жойлаштирилган облигациялар ҳажми 1 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда НКМК матбуот хизмати хабар берди.

Еврооблигациялар 4 ва 7 йил муддатга ҳар бири 500 млн АҚШ доллари миқдорида икки траншда, мос равишда йиллик 6,7 фоиз ва 6,95 фоиз даромадлилик билан жойлаштирилган.

Иккала транш бўйича жами буюртмалар китоби 5,5 млрд долларни ташкил этди ва дастлабки талабномадан 5,5 бараварга ошиб, 2019 йилда суверен (давлат) облигацияларининг дебют эмиссиясидан буён Ўзбекистон эмитентлари ўртасидаги энг йирик битим бўлди.

Комбинат келиб тушган маблағларни умумий корпоратив мақсадларда, шу жумладан, НКМКнинг капитал қўйилмалар дастурини молиялаштириш, мавжуд қарзни тўлаш ёки муддатидан олдин сўндириш, айланма капитални тўлдириш ва бошқа операцион харажатларни қоплаш мақсадида ишлатишни режалаштирмоқда. Лекин мақсадлар фақат бу билан чекланмаслиги қайд этилган.

Хабарда айтилишича, халқаро облигациялар чиқарилиши НКМКга ўз қарзларини янада қулайроқ шартларда ва узоқ муддатларда қайта молиялаштириш, шунингдек, келажакда халқаро облигацияларни капитал бозорида жойлаштириш бўйича намунага айланиш имконини беради.

Компания буни 2021 йил ноябридан бери жаҳон қарз капитали бозорларида (банк эмиссияларини ҳисобга олмаганда) Ўзбекистондан илк халқаро корпоратив облигациялар эмиссияси деб атади. Ўшанда «Ўзбекнефтгаз» компанияси Лондон фонд биржасига 700 млн долларлик дебют евробондларини жойлаштирганди.

Бу 2020 йил июлидан бери МДҲда халқаро корпоратив облигацияларнинг энг йирик эмиссияларидан бири ва Ўзбекистон тарихидаги суверен еврооблигациялардан кейинги энг йирик эмиссия ҳисобланиши таъкидланган.

Бу, шунингдек, олтин қазиб олувчи компаниянинг 2023 йил июнь ойидан бери жаҳон қарз капитали бозорларида биринчи эмиссияси ва 2021 йил октябрь ойидан бери инвестицион даражасидан паст рейтингли компания томонидан чиқарилган биринчи эмиссия ҳисобланади.

Облигациялар чиқарилишидан олдин НКМК тарихида биринчи маротаба ўз кредит профили баҳоси билан S&P Global Platts`дан «bb+», Fitch`дан эса «bb» кредит рейтингини олди.

«НКМК чинакам халқаро кон қазиб олиш компаниясига айланиш учун мавжуд конларда қазиб олиш даражасини ошириш, геология-қидирув ишларининг янги йўналишларини ўзлаштириш ва рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган улкан стратегик мақсадларни амалга оширмоқда. Биз жаҳон даражасидаги активларимиз ва операцион самарадорликдан сармоядорларимиз даромадлилигини таъминлаш учун фойдаланишда давом этамиз», — деди бош директорнинг трансформациялар бўйича биринчи ўринбосари Евгений Антонов.

Бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Жаҳонгир Хасанов евробондларнинг дебют эмиссиясини жаҳон инвесторлари ҳамжамияти билан келажакдаги самарали муносабатларнинг бошланиши деб атади.

«Ушбу воқеа компания тарихида ҳам, умуман олганда, НКМК миллий иқтисодиётининг флагмани сифатида кўриладиган Ўзбекистон Республикаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Инвесторлар томонидан халқаро облигациялар чиқарилишига юқори қизиқиш билдирилаётгани компаниянинг мустаҳкам барқарорлиги ва молиявий мустаҳкамлигини тасдиқлайди», — деди у.

Ёзда S&P агентлиги илк бор Навоий кон-металлургия комбинатига кредит рейтингини берганди. 2023 йилда НКМК дунёда олтин қазиб олиш бўйича тўртинчи ўринни эгаллади (90,2 тонна), шунга қарамай, сув билан боғлиқ хатарлар, шунингдек, битта конга қарамлик мавжуд, дейилади баёнотда.

Аввал хабар қилганимиздек, биринчи ярим йиллик якунларига кўра, заводнинг соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ошиб, 882 млн долларни ташкил этди. Даромад 3,35 млрд долларга етди (+21 фоиз). Олтиннинг ўртача сотув нархи 14 фоизга ошиб, 2206 долларни ташкил қилди.