Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Ашхободда туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган «Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги — тинчлик ва тараққиёт асоси» халқаро форумида иштирок этди.
Туркманистон Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида форумнинг ўтказилиши «халқлар ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида» муҳим қадам эканини таъкидлади.
Президент Махтумқули Фироғий ижодий мероси нафақат Шарқ мумтоз шеърияти, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитганини таъкидлади. «Махтумқули ўзбек халқи учун ҳам ғоят ардоқли ва суюкли сиймо экани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз», — деди у.
Шавкат Мирзиёев бу йил Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланишини эслатди. «Бугун Тошкент шаҳри ва ҳудудларимиздаги ўнлаб кўча ва хиёбонлар Махтумқули номи билан аталади. Тошкент ва Хива шаҳарларида бу улуғ сиймо хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган», — дея қўшимча қилди у.
Давлат раҳбари Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» доирасида келгуси йили Ашхободда глобал саммит ўтказилишини олқишлади.
Туркманистон президенти Ўзбекистон раҳбарига мазмунли нутқи учун миннатдорлик билдириб, Шавкат Мирзиёевни Махтумқули юбилейи муносабати билан медаль билан тақдирлашга қарор қилинганини маълум қилди.
Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди, дейилади хабарда.