9 октябрь куни Халқаро пресс-клубда Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бекатлардаги тирбандликлар ва уларнинг ечимлари ҳам қизғин муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Метрополитен бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусановнининг айтишича, пойтахтда жойлашган йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва ўқув муассасаларида бир вақтнинг ўзида (соат 08:00 ва 09:00 оралиғида) иш куни ва дарсларнинг бошланиши айни шу вақт оралиғида метрополитенда бир қатор тирбандликларни келтириб чиқармоқда.

У юзага келиши мумкин бўлган юкламаларни камайтириш мақсадида метро бекатларига яқин бўлган 27 ОТМда дарсларнинг бошланиш вақти дифференсиал тартибда ўзгартирилганини таъкидларкан, ечим сифатида йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам иш вақтини ўзгартириш таклифи илгари сурилаётганини айтди. «Бу нафақат транспортдаги тиғизлик, шу билан бирга йўллардаги тирбандликларни ҳам камайтиради», — деди Мирҳусанов.

Тошкент метрополитени режим хизмати бошлиғи ўринбосари Абдутоҳир Абдуқодиров ҳам ОТМларда ўқишнинг бошланиш вақтини ўзгартирилгани анча ижобий ўзгаришларга олиб келганини қайд этди. У ҳукумат, Транспорт вазирлиги ҳамда тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда йирик корхоналарда иш бошланиши вақтини қайтадан кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилди.

«Тошкент шаҳрида 1 минг, 10 минг нафардан ортиқ ишчи ишлайдиган корхоналар бор, уларнинг айримларида иш вақти соат 08:00 да бошланади. Ўзимизнинг ҳам ишимиз худди шунга ўхшаш. Корхоналарнинг ҳам иш вақтини кўриб чиқишни режа қилганмиз. Масалан, соат 08:00 да эмас 09:00 да қилиш таклифини билдирмоқчимиз, агар уларга ҳам маъқул келса, сал бўлса-да, бекатлардаги тирбандликлар камайишига эришган бўламиз», — деди у.

Аввалроқ, метрополитеннинг вентиляция тизими икки йилдан буён таъмирланаётгани, таъмирлаш ва созлаш ишлари йўловчилар оқими ошгани ва вентиляция қурилмалари узоқ йиллардан бери узлуксиз ишлаб келаётгани боис бошлангани, 2025 йилда 10 та янги вентилятор харид қилиш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.