Тошкент шаҳрида октябрь ойининг 10 куни давомида 32 нафар гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатувчи шахс ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, уларнинг ёнидан ва яширган жойларидан гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ИИББ хабарига кўра, пойтахтда 20 сентябрдан 20 октябргача гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги ўтказилмоқда. ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатов ойлик доирасида туну кун хизмат ташкил этилганини маълум қилган.

Шу билан бирга, ойлик доирасида наркограффити ёзувларини ўчириш, ушбу ёзувларни чизиб кетувчи шахсларни аниқлаш ва уларга чора кўриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи шахсларни («закладчик») ҳамда уларни олиб кетувчиларни аниқлаш, ҳар бир ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш вазифалари амалга оширилмоқда.