Муқаддам сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаров бир қанча ҳолатларда жиноят содир этган деб топилди. «Газета.uz» унга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўрганди.

Ҳужжатга кўра, Назаров 2008 йилда маркетинг тадқиқотлари, тижорий фаолият, молия ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Nazar Business and Technology компаниясини тузади. Унинг жиноятлари асосан шу компания билан боғлиқ. Назаров 2017 йил 28 декабр куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, Nazar Business and Technology раҳбарлигини гўёки бошқа одамга топшириб, ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган.

«Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари бўлган қарз битими имзоланган. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани амалга ошириш, кредит, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга масъул этиб белгиланган.

2016 йил 5 август куни Сув хўжалиги вазирлигининг Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Азимжон Назаров таъсисчилигидаги Nazar Business and Technology ўртасида «Мониторинг ва баҳолаш» ҳамда «Ижтимоий ҳимоя чоралари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжатни яратиш» бўйича 2016−2021 йилларда консалтинг хизматларни кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 950 320 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома имзоланган.

Азимжон Назаров МЧЖдаги ўринбосари ва бош ҳисобчи билан давлат ташқи қарзи ҳисобидан мазкур лойиҳага жалб қилинган маблағларни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш юзасидан жиноий режа тузган. Унга асосан, лойиҳага жалб қилинган мутахассислар томонидан ҳақиқатда бажарилмаган иш турларини гўёки бажарилгани ҳақида ёлғон маълумотлар киритилган табел ва ҳисоб-фактуралар тайёрлаш орқали маблағларни ўзлаштиришни йўлга қўйган.

Давлат молиявий назорати инспекцияси ходими томонидан тузилган 2024 йил 7 мартдаги умумий далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали Nazar Business and Technology’га 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари (валюта курсининг 2023 йил 31 июль ҳолатига 6 млрд 564 млн 388 минг 245 сўм) пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.

Шунингдек, Назаров «Жанубий Қорақалпоғистонда Сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган хизматлар учун ёлғон ҳужжатлар тайёрлаб, давлат маблағларини талон-торож қилган. У мазкур маблағларнинг бир қисмини Nazar Business and Technology`га ўтказиб, Тошкентда уй ва офис биноларини сотиб олган ҳамда қурдирган. Назаров ушбу мол-мулкларни жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида ишлатган ва 2017−2021 йилларда катта миқдорда пулларни ўзлаштирган.

Бундан ташқари, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврда насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган.

Азимжон Назаров судда айбловларга иқрорлик билдирмаган ҳамда умуман жиноят содир этмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан одилона қарор қабул қилишни сўраган. Судда судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини тўлиқ топгани қайд этилган.

Суд ҳукми билан Азимжон Назаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 207-моддаси 1-қисмида (Мансабга совуққонлик билан қараш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.

Унга 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд иш бўйича етказилган 562 428 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ҳукм эълон қилинган кундаги АҚШ долларининг сўмга нисбатан 12 749,75 сўмдан ҳисоблаб, жами 7 170 816 393 сўм ундиришни ва ундирувни зарарни қоплаш мақсадида депозит ҳисоб рақамига топширилган 104 жами 7 079 952 596 сўм ҳисобидан қоплаш учун ушбу пул маблағларини давлат даромади ҳисобига ўтказишни лозим топади.

Шу билан бирга суд, зарарнинг қолган 90 863 797 сўм қисмини иш бўйича 20 422 801 028 сўмга баҳоланган Тошкент шаҳрида жойлашган офис биносини давлат даромади ҳисобига мусодара қилиш орқали сотувдан тушган пуллар ҳисобидан қоплашни ва аукцион савдоларидан қолган пул маблағларини давлат фойдасига мусодара қилишни лозим топади.