2024 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти Япониянинг Хиросима ва Нагасаки портлашлари жабрланувчиларини бирлаштирган ташкилотга берилди. Бу ҳақда Ослодаги Нобель қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Нихон Ҳиданкё ташкилоти мукофотга «ядро қуролларидан холи дунё яратиш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари орқали ядро қуролларидан бошқа ҳеч қачон фойдаланмаслик кераклигини исботлагани учун» лойиқ кўрилди.
Ташкилот Хиросима ва Нагасаки атом бомбалари жабрдийдалари томонидан яратилган. Унинг аъзолари ушбу ҳужумлардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун лоббичилик қилади ва ядровий қуролларни бекор қилишга чақириб келади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти аёлларга нисбатан зулмга қарши курашган эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргес Муҳаммадига берилганди.
Шундай қилиб, тинчлик мукофоти Нобель ҳафталигини якунлаб берди. 14 октябрда Альфред Нобель хотирасига иқтисод бўйича мукофот топширилади.
Маълумот учун, 2024 йилда Нобель мукофотига тиббиёт ва физиология бўйича генлар фаолиятини бошқарувчи микроРНК молекулаларини кашф этган Виктор Амброс ва Гари Рувкун, физика бўйича сунъий нейрон тармоқларидан фойдаланишдаги ихтиролари учун Жон Хопфилд ва Жеффри Хинтон, кимё бўйича сунъий интеллектдан фойдаланиб, оқсиллар тузилишини аниқлагани ва янги турларини яратишдаги ишлари учун Дэвид Бейкер, Демис Хассабис ва Жон Жумпер, адабиёт бўйича тарихий жароҳатларга қарши курашадиган ва инсон ҳаётининг нозиклигини очиб берадиган таъсирли шеърий насри учун Хан Канг лойиқ кўрилди.