Ўзбекистон Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилади. Президентнинг буни назарда тутувчи ПҚ-346-сон қарори қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.
Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ҳужжатда Фан олимпиадалари марказининг асосий вазифалари белгиланган.
Унга кўра, қобилиятли ва фанларни чуқур ўрганишга қизиқадиган ёшларни аниқлаш ҳамда селекция қилиш, улардаги иқтидорни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлади.
2025 йилдан марказ томонидан:
- 5−8-синф ўқувчилари ўртасида олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади;
- ҳар бир фан йўналиши бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар, қўлланмалар ва журналлар яратилиб борилади;
- ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрловчи тренер-ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади, уларга янги методикалар ўргатиб борилади;
- фан олимпиадалари бўйича миллий терма жамоаларнинг хорижий давлатлар терма жамоалари билан қўшма йиғинлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
- ўқувчилар учун халқаро олимпиадаларда руҳий босимни енгиш бўйича семинарлар ҳамда мотивацион тренинглар ташкил қилинади;
- иқтидорли ёшлар учун «интеллектуал оромгоҳлар» ташкил этилади.
Фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилишини президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни ўқитувчи ва мураббийлар билан бўлиб ўтган мулоқотида маълум қилганди.
Йиғилишда, шунингдек, рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилиши айтилганди. Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчига — 170 млн сўм, кумуш медалга — 102 млн сўм, бронза медаль учун — 68 млн сўм мукофот пули берилади.
Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 млн сўмдан 150 млн сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади. Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.