2024 йил 10 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида шаҳвоний шилқимлик қилишда гумонланган шахс устидан суд бўлиб ўтди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.

Қайд этилишича, 1986 йилда туғилган эркак 9 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уй ёнида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатга келиб қолган. Шундан сўнг у болалар майдончасида ўйнаб юрган қизга «бунча чиройлисан, кел қучоқлаб ўпай» деган. Суд мажлисида эркак ўз айбига иқрор бўлиб, бу ишни қайта такрорламаслигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.

Ўз навбатида, жабрланувчи М.Ш. (вояга етмаган қизнинг онаси) ҳам судда кўрсатма бериб, қизи ўйингоҳдан югуриб келиб, маст эркак унга қўли билан ишора қилиб, ўпмоқчи эканини билдирганини айтган. Аёл айбланувчи шаҳвоний шилқимлик қилганини таъкидлаб, суддан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳуқуқбузар Б.М. илгари ҳам жамоат жойда алкоголли маҳсулот истеъмол қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу дастлабки суриштирув органи томонидан содир қилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати иш ҳужжатларида мавжуд бўлган тушунтириш хатлари ҳамда профилактика инспектори томонидан тузилган маъмурий баённома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз исботини топган.

Cуд Б.М.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 187-моддаси 2-қисми (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) билан айбдор деб топиб, 5 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Ҳуқуқбузар Б.М. қабул қилиш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 51 минг сўмдан 5 сутка учун жами 255 минг сўм қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.