Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва режалар тўғрисидаги ҳисобот билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича катта марралар белгиланган. Бунда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология масалалари муҳим аҳамиятга эга.
«Февраль ойидан бошлаб [Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига] янги раҳбарни қўйганман, қарор, фармон қабул қилдик. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича қоидаларни уйғунлаштириш кўрсаткичи йил бошида 25 фоиз бўлган бўлса, ҳаракатларимиз билан буни 29 фоизга етказдик. Мана, қанча ишимиз турибди», — деди президент.
Сўнгги йилларда мамлакатда 12 мингта стандарт тасдиқланган. Йил бошидан буён яна 1 минг 40 та халқаро стандарт қабул қилинган. Маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида 29 та техник регламент ишлаб чиқилган. «Булар саноат корхоналари ва тадбиркорларга етказилиб, сертификатлар олишига кўмаклашиляпти», — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари ташқи бозорларга чиқиш учун самарали техник тартибга солиш тизими шартлигини таъкидлаб, қўшимча вазифаларни белгилаб берди. Бугунги кунда мамлакатда 269 та лабораториядан атиги 64 тасида ўтказилган синовлар халқаро даражада тан олинади. Оқибатда тадбиркорлар маҳсулотларини экспортга олиб чиқишда қўшимча синовлар ўтказишга мажбур бўлмоқда.
Шу сабабли президент халқаро тан олинадиган лабораторияларни кўпайтириш, электр техникаси, қурилиш материаллари, машинасозлик каби соҳаларда 10 та янги лаборатория ташкил қилиш зарурлиги таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев техник тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик Ўзбекистон аъзо бўлишни режалаштираётган Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш муҳимлигини айтди.
«1400 та стандарт мослаштирилди. Ўзбекистондаги 269 лабораториядан 105 таси халқаро стандартлар томонидан тан олинмаган. Демак, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар чиқара олмаймиз», — дейди у.
Бу йил 340 та миллий стандарт, 2025 йил якунигача яна 38 та регламент ишлаб чиқилади. 28 та техник қўмита, лабораториялар фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун «Техник тартибга солиш» электрон платформаси ишга туширилади.
Давлат раҳбари бу соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаровнинг айтишича, бугунги кунда агентликда 29 та эталон мавжуд бўлиб, 2024 йилда яна 13 та эталон харид қилиш режалаштирилмоқда.
«Президентимиз берган топшириқлардан биттаси — мазкур эталонлар сонини 77 тага етказиш. Бунинг ҳисобига барча саноат тармоқларини метрология хизматлари билан тўлиқ қамраб оламиз. 22 мингта ўлчов воситаларини калибрлаш ва солиштиришдан ўтказамиз, бу эса тахминан 2,5 млн доллар валютани иқтисод қилиш имконини беради», — деди у.
Агентликнинг электротехника, машинасозлик, кимё, полимер ва тўқимачилик бўйича олтита лабораториядан иборат бўлган лабораториялар кампусини лойиҳалаш ва қуриш ишлари 2025 йилда бошланиши режалаштирилган.
Акмал Жуманазаровнинг айтишича, барча стандартларни ЖСТ талабларига мослаш бўйича 2500 та стандарт таҳлил қилинган бўлиб, улардан 2000 дан ортиғини халқаро стандартларга ўтказиш,182 та стандартни эса бекор қилиш режалаштирилган.