10 октябрь куни Юсупов Урал Садуллаевич тоғ-кон саноати ва геология вазирининг ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Урал Юсупов 1985 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Навоий давлат кончилик институти (бакалавриат), С.Орджоникидзе номидаги Россия давлат геология ва қидирув университетини (магистратура) тамомлаган.
У бунга қадар Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимда фаолият юритган.
Юсупов янги лавозимда кўмир, уран, қора, ноёб ва технологик металлар ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, соҳани трансформация қилиш ҳамда унга замонавий технологияларни жалб этиш масалалари билан шуғулланади.
Шунингдек, у «Навоиюран» ДК, «Ўзбеккўмир» АЖ, «Шарғункўмир» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ фаолиятларини мувофиқлаштиради.