Тошкент шаҳри Олмазор туманида Spark ва Matiz автомашиналар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда пойтахт ЙҲХБ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 10 октябрь куни соат 23:30 атрофида Нурафшон кўчасида содир бўлган.

20 ёшли И.Т. Matiz автомашинасида кетаётиб руль бошқарувини йўқотган. Сўнгра йўл ажратувчи бетон тўсиққа урилиб, 40 ёшли Б.Қ. бошқарувидаги Spark автомобили билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Spark ҳайдовчиси олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Spark ичида бўлган 2 нафар йўловчига ҳамда Matiz ҳайдовчисига биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.