Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Қурувчилар» даҳасида 2023 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган портлаш воқеасида айбдор деб топилганлар устидан суд бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Daryo.uz» хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судья Дадабоева раислигида мазкур иш кўриб чиқилиб, 4 нафар судланувчининг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд ҳукмига кўра, Inter Logistics МЧЖ директори Ф.С. Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбли деб топилиб, икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Inter Logistics МЧЖ қўриқлаш (ҳарбийлашган, ёнғиндан сақланиш, қоровуллик) бошлиғи Ф.А. ҳам Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан айбли деб топилиб, у ҳам 2 йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан, шунингдек, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Polychem МЧЖ директори С.Б. ва омбор мудири Н.К. ҳам Жиноят кодексининг айнан шу моддалари билан айбли деб топилиб, уларга ҳам 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкумлар тайинланган жазони манзил колонияда ўташи белгиланди.
Фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган Stal service МЧЖ, «Аки-Орт» МЧЖ ва Azimut Sirmersan МЧЖ шаклидаги хорижий корхонанинг судга киритган даъво аризалари қаноатлантирилди.
Жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга Inter Logistics МЧЖ ва Polychem МЧЖдан 282 миллиард сўм маблағ солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Сергелидаги портлаш
2023 йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчирган. ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.
Портлаш зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган. 163 нафар фуқаро жароҳатланган.
Портлашда 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлди.
Ҳолат бўйича ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилганди. 4 нафар шахс қамоққа олинган, 1 нафар гумонланувчига нисбатан гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Портлаш оқибатлари
Фавқулодда вазият оқибатида умумий жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Жароҳат олганларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилиб, уларга тегишли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган 138 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланиб, уйига руҳсат берилган.
«Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этмоқда», — дейилади ҳукумат комиссияси баёнотида.
Бундан ташқари, фавқулодда вазият натижасида ҳудуддаги 305-сон умумтаълим мактаби (1250 ўринли) ва 600-сон боғчанинг (720 ўринли) дераза-ромлари, эшик ва фасад қисмига зарар етган.