Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури Адлия вазирлиги, омбудсман ва Финляндия ҳукуматининг молиявий кўмагида 2023 йилдан бошлаб «Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ суд амалиёти таҳлили Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) — «Ҳуқуқий таянч» (Жиззах вилояти) ва «Раҳмдиллик» (Самарқанд вилояти) томонидан амалга оширилмоқда.
Суд қарорларини ўрганиш шуни кўрсатадики, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва уй-жой низолари билан боғлиқ ишларда аёллар кўпинча адвокатсиз ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишади, бу эса улар учун қўшимча молиявий ва ҳуқуқий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, гендер статистикасининг етарли эмаслиги аёлларнинг одил судловдан фойдаланишини чеклайди, деб таъкидлади тадқиқотчилар.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш
Болаларнинг чет элга чиқиши учун собиқ эри/хотинидан рухсат олиш билан боғлиқ оғирлаштирувчи қонунчилик қоидаси аёллар томонидан қўзғатилган ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар сонининг кўпайишига олиб келади, бу эса улардан ўз қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар ва қўшимча молиявий харажатларни талаб қилади. Бундай қўшимча саъй-ҳаракатлар судлар фарзанднинг аёл қарамоғида эканлиги аниқ белгиламаган ишлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларнинг 88 фоизидан кўпроғида (217 та ишнинг 191 тасида) даъвогарлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддаси 1-бандига асосан (Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан, шу жумладан алимент тўлашдан бош тортиш) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраганлар.
Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ва фаолларга кўра, бунинг асосий сабаби вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиши учун ота-онасидан рухсат олиш тўғрисидаги қонунчилик талаби ҳисобланади. Бу талаб хотин-қизларнинг вояга етмаганлар устидан васийлик қилишни самарали амалга ошириш ҳуқуқларини таъминлаш учун соддалаштирилиши мумкин.
Уй-жойга бўлган ҳуқуқ
Аёлларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи, айниқса, турмуш ўртоғи билан ажрашиш жараёнида бўлган аёлларга нисбатан самарали амалга оширилмаяпти. Ушбу хулоса, (эр-хотин ўртасидаги) уй-жойга мажбурий киритиш тўғрисидаги ишларнинг 94 фоизидан ортиғи хотин-қизлар томонидан киритилганлигига асосланган.
Шу билан бирга, судлар 82 фоиздан ортиқ ҳолларда хотин-қизлар томонидан уй-жойга мажбурий киритиш тўғрисидаги аризаларини қаноатлантирганлигини тан олиш керак. Бу ҳолатда аёллар яна исботлаш юкини ўз зиммаларига олишади ва айнан аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнидан ўтишлари керак. Ушбу даъво аризаларини киритган хотин-қизларнинг қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, ушбу хулосанинг яна бир жиҳатидир.
Тарафлар ўз ҳуқуқларини мустақил равишда (адвокат иштирокисиз) ҳимоя қилган ишлар сони жуда кўп, дея таъкидланади тадқиқотда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, уй-жойга мажбурий киритиш тўғрисидаги ишларнинг 51 фоизидан ортиғи (244 та ишдан 125 таси) ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларнинг 85 фоизидан ортиғида (217 та ишдан 186 таси) тарафлар адвокатсиз иштирок этган.
Томонлар «мустақил» иштирок этган ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларнинг 61 фоизи (186 та ишдан 123 таси) кўриб чиқилмасдан қолдирилган, яна 32 фоизида эса (186 та ишдан 60 таси) иш юритуви тугатилган.
«Бу рақамлар бепул юридик ёрдам тизимидан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш зарурлигини кўрсатади», — дейилади тадқиқотда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита 32-сонли умумий изоҳида тушунтирилишича, «юридик ёрдамнинг мавжудлиги ёки йўқлиги кўпинча инсоннинг тегишли суд муҳокамасига кириш ёки унда тўлақонли иштирок этиши мумкинлигини белгилайди».
«Гарчи БМТТД оилавий ва гендер зўравонлик қурбонларига давлат томонидан молиялаштириладиган юридик ёрдам кўрсатишга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватласада (президентнинг 175-сонли фармони), бепул юридик ёрдамнинг самарали тизими юридик ёрдам кўрсатувчилар: ҳам адвокатлар, ҳам юридик ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини оширишга қаратилган қўшимча чораларни кўришни талаб қилади. ННТлар сонини кўпайтириш учун Ўзбекистонда ННТ фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қўшимча чораларни кўриш, шунингдек, ННТини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш зарур», — дейилади тадқиқотда.
Гендер кесимидаги одил судлов тўғрисидаги маълумотлар
Тадқиқотда келтирилишича, хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиши бўйича статистик маълумотлар етарли эмас. 497 та статистик шаклдан фақат 7 тасида гендер кесимидаги статистик маълумотлар мавжуд.
Қайд этилишича, Хотин-қизларнинг одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги 33-сонли CEDAW қўмитасининг умумий тавсияси нуқтаи назаридан гендерга кесимидаги статистик маълумотларга эга статистик шаклларнинг бу миқдори етарли эмас. Ушбу тавсия ижросини таъминлаш учун а) суд қарорларини таҳлил қилиш ва б) суд жараёнларини мониторинг қилиш каби воситалардан фойдаланган ҳолда ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш зарур.
Таъкидланишича, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фаоллар ва мустақил тадқиқотчилар одил судлов тўғрисидаги очиқ маълумотлардан, шу жумладан суд қарорларининг онлайн базасидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳақиқий вазиятни аниқлаш учун биринчи воситани амалда қўллаб келмоқда.
«Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда суд жараёнлари мониторинги ҳали тўлиқ амалга оширилмаган, яъни гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг амалдаги ижроси тўғрисида муҳим маълумот манбаи кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолмоқда», — дея қўшимча қилади тадқиқотчилар.
БМТ Тараққиёт дастури суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни давом эттиришини ва Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти билан яқин ҳамкорликда хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини оширишга ҳаракат қилишини таъкидлади.