13 октябрь — Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни. 2024 йилда у болаларни ҳимоя қилиш ва уларга табиий офатлардан холи келажакда яшаш ҳуқуқини беришда таълимнинг ролига эътибор қаратади. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ўз рукнида жамиятнинг чинакам барқарорлигининг асоси таълим, хабардорлик ва тайёргарлик эканлигини таъкидлайди.

Япония табиий офатларга, айниқса, зилзилаларга қарши курашиш соҳасида кенг кўламли тайёргарлик чоралари билан машҳур. Мамлакат бу борада ҳар томонлама ёндашувлар ишлаб чиққан. Бу ёндашувлар жумласига биноларни зилзилага чидамли қиладиган қатъий қурилиш меъёрлари ва қоидалари, кенг қамровли маърифий тадбирлар ҳамда эрта огоҳлантириш тизимлари киради.

Биз Японияда улғайган давримизда зилзилага оид билимлар ҳаётимизнинг одатий қисмига айланган. Биз оддий, аммо ўта муҳим ҳаракатларни, жумладан, бошимизни ёстиқ билан ёпиб, мустаҳкам стол остига яшириниш ва хотиржамлик билан хавфсиз жойга кўчишни ўзлаштириб олганмиз. Тайёргарликни таъминлаш бўйича бундай чора-тадбирлар — масалан, токчалар ёнида ухламаслик ва уларга оғир буюмларни қўймаслик — ўзимизни тайёр ҳис қилишимизга ёрдам берарди. Ушбу қоидаларга риоя қилиш, айниқса, кекса авлод вакиллари орасида одатий амалиёт ҳисобланиб, улар фалокат юз берганда фойдаланишга тайёр ҳолатдаги фавқулодда ҳалтани сақлайдилар.

Бироқ менинг 1995 йил январь ойида содир бўлган Хансин зилзиласидан (7 магнитудали) кейин кўнгиллилар билан биргаликдаги иш тажрибам шуни кўрсатдики, турли жамоалар учун оқибатлар бир хил бўлмас экан. Ушбу зилзилада аҳолининг заиф ва камбағал қатламлари энг кўп зарар кўрди. Камроқ ҳимояланган уйларда яшаб, ҳеч қандай маблағга эга бўлмаган ёки арзимас жамғармага эга бўлган кўпчилик ҳамма нарсасидан маҳрум бўлди. Баъзи туманлар эса, аксинча, табиий офатларга қарши туришга яхшироқ мослашган.

Иқлим ўзгариши кучайгани сари биз тўқнаш келадиган энг катта муаммолардан бири — бу жамият хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш. Ўзбекистонда ҳароратнинг кўтарилиши ва кутилмаган об-ҳаво шароитлари табиий офатлар, шу жумладан, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва селларнинг кўпайишига олиб келди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, бу ҳодисалар тобора тез-тез содир бўлиш баробарида янада жиддий тус олиб, аҳоли ва иқтисодиёт учун катта хавф туғдирмоқда. Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 1,4 миллион одам табиий офатлардан зарар кўради, иқтисодий йўқотишлар эса қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Кучли сув тошқини иқтисодиётга ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача зарар етказиши мумкин, кучли қурғоқчилик ҳам худди шундай оқибатларга олиб келиши кутилмоқда. Иқлим ўзгариши бу оқибатларни янада кучайтириши тахмин қилинмоқда, шунинг учун мамлакатнинг ҳар бир фуқароси бундай вазиятларга тайёр туриши зарур.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш масалаларини миллий устувор йўналишлардан бирига айлантирди. Ўзбекистон ҳукумати БМТТД билан ҳамкорликда потенциал хавфлар тўғрисида ўз вақтида ва аниқ маълумот тақдим этадиган, аҳолига офатлар хавфини камайтириш бўйича шошилинч чоралар кўришга имкон берадиган комплекс эрта огоҳлантириш тизимини (ЭОТ) такомиллаштирмоқда. Мақсад: 2030 йилгача «аҳолининг ЭОТ, ахборот ва табиий офатлар хавфини баҳолашдан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш»дан иборат.

Наманган вилояти Косонсой тумани «Ободон» маҳалласи фуқароси невараси билан эвакуация машғулотларида иштирок этгандан сўнг.Наманган вилояти Косонсой тумани «Ободон» маҳалласи фуқароси невараси билан эвакуация машғулотларида иштирок этгандан сўнг.

Шуни таъкидлаш жоизки, ЭОТ тўртта асосий элементдан иборат бўлиб, улар жумласига хавфлар ҳақидаги билимлар, мониторинг ва огоҳлантириш хизматлари, тарқатиш ва коммуникация, шунингдек, жавоб бериш қобилияти киради. Бу шуни англатадики, ЭОТ фақатгина технологиядан иборат эмас. Ҳақиқатан ҳам барқарор жамоаларни шакллантириш учун кенг қамровли ижтимоий мулоқот ва ҳар бир фуқаронинг тезкор ҳаракат қилишга тайёрлиги зарурдир.

Инклюзив ижтимоий мулоқот нима учун муҳим?

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги SMS-хабарномалар, радио эшиттиришлар ва ижтимоий тармоқлар каби замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, табиий офатлар хавфи мавжуд ҳудудлар аҳолисига реал вақт режимида маълумот етказиб бермоқда. Бироқ бу хабарлар самарали бўлиши учун улар аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларига мослаштирилиши лозим. Бу эса жинси, ёши, қобилияти ёки тилидан қатъи назар, барча фуқаролар учун хабарлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашни ўз ичига олади.

Самарасиз алоқа ва огоҳлантиришларнинг етарли даражада тарқатилмаслиги кўпинча нотўғри чоралар кўрилишига ёки умуман ҳеч қандай чоралар кўрилмаслигига олиб келади. Тарихан эрта огоҳлантириш тизимларидаги аксарият хатоликлар асбоб-ускуналар ёки инфратузилма билан боғлиқ муаммолар эмас, балки тушунмовчилик ва бепарволик туфайли юзага келган, бу эса аниқ коммуникациянинг жуда муҳимлигини кўрсатади.

Жамоатчилик билан мулоқот маърифий ишлар билан бир қаторда ахборотни етказиш масаласига қаратилиши лозим. Одамлар нафақат фалокат яқинлашаётганини, балки унга қандай муносабат билдириш кераклигини ҳам тушунишлари зарур. Бунинг учун аҳолини эвакуация қилиш тартиб-таомиллари, хавфсизлик чоралари ва олдиндан ҳаракат қилиш муҳимлиги ҳақида доимий равишда хабардор қилиб бориш керак.

Ўз вақтида етказилган ва тушунарли мулоқот ҳар бир инсон, шу жумладан аҳолининг заиф гуруҳлари, қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклигини тезда тушуниши учун устувор аҳамиятга эга, бу эса ижтимоий мулоқотни табиий офатларга тайёргарлик стратегиясининг ва мамлакатнинг барқарорлиги учун тамал таянчига айлантиради.

Ҳар бир фуқаронинг жамоа барқарорлигини таъминлашдаги роли

Жамоат таълими миллий стратегиянинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мунтазам равишда ўтказиладиган кампаниялар, жамоатчилик семинарлари ва мактаб машғулотлари фуқароларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатади. Бу ташаббуслар одамларнинг эвакуация йўллари, хавфсизлик тартиб-таомиллари ва ўз уйларини потенциал хавфлардан қандай ҳимоя қилишларини тушунишини таъминлайди.

Сирдарё вилоятининг маҳалла фаоллари тренинг давомида ўз маҳаллаларининг режаларини чизиб, эвакуация йўналишларини белгиламоқда.Сирдарё вилоятининг маҳалла фаоллари тренинг давомида ўз маҳаллаларининг режаларини чизиб, эвакуация йўналишларини белгиламоқда.

БМТТД, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзгидромет ўзларининг қўшма ташаббуслари доирасида маҳаллий аҳолини жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда кўнгилли қутқарув гуруҳларини ўқитиш, жамоалар даражасида машғулотлар ўтказиш ва аҳолининг заиф қатламларига эътибор қаратган ҳолда эвакуация режаларини ишлаб чиқиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йил давомида биз табиий офатларга мойил ҳудудлардаги мақсадли маҳаллаларимизнинг 850 дан ортиқ аҳолисини иқлим хавфлари ва табиий офатларга тайёргарлик масалалари бўйича ўқитдик. Шунингдек, уларнинг табиий офатлар хавфига тайёргарлигини ошириш мақсадида эвакуация бўйича ўқув машғулотларига 3000 дан ортиқ кишини жалб этдик. Ушбу тадбирлар давомида жамоа фаоллари маҳаллий аҳоли пунктларининг хариталарини тузиб, уларда хавфли ҳудудларни аниқладилар ва эвакуация йўналишларини белгиладилар.

Ушбу ташаббуслар аҳолининг нафақат хавф-хатарлардан хабардорлигини, балки табиий офатлар юз берганда қатъий чоралар кўришга қодирлигини таъминлайди, деб ҳисоблаймиз.

Тайёргарлик ҳар бир инсоннинг турли эҳтиёжларини инобатга олиши, уларнинг заиф томонларини англаши ва режаларни шунга мувофиқ мослаштириши лозим. Гендер ёндашуви муҳим аҳамиятга эга: масалан, фавқулодда ҳолатлар учун тўпламларда аёллар гигиена воситалари каби энг зарур буюмларнинг мавжудлигини таъминлаш керак. Одатий кунларда камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш жамиятни мустаҳкамлайди. Ёрдам энг кўп керак бўлганлар учун пухта ишлаб чиқилган мақсадли режа катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Замонавий технологиялар эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштирганига қарамай, ҳақиқий бардошлиликнинг негизи ҳамон инсон омили ҳисобланади — яъни таълим, хабардорлик ва тайёргарлик маданияти. Ҳар биримиз — сизми, менми ёки қўшниларимизми — айниқса иқлим ўзгариши шароитида, янада хавфсиз ва бардошли Ўзбекистонни яратишда ўз ролимизни ўйнаб келмоқдамиз.

Муаллиф ҳақида

Акико Фужии 2024 йил ёзида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили этиб тайинланган. У БМТТДда 25 йилдан ортиқ тажрибага эга ва бутун дунё бўйлаб раҳбарнлик лавозимларида ишлаган. У етакчи раҳбар сифатида иқлим ўзгариши билан боғлиқ иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда, инқирозли ва зиддиятли вазиятларда кенг кўламли гуманитар ёрдамни бошқаришда, барча учун адолатли ва барқарор инсон тараққиётига эришиш учун бошқарув тизимлари бўйича маслаҳат беришда фаол иштирок этган. Сассекс университетида (Буюк Британия) гендер ва ривожланиш, Киото университетида инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича магистрлик даражасини олган.