Ички ишлар вазирлиги ўзини ҳайвонларга қиёслаб, ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилган болалар учраётгани ҳақида билдириб, ота-оналарни фарзанд тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.

Бундай ҳаракатлар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида кузатилиши билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам учрамоқда.

Хусусан, 10 октябрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер учратилган, 11 октябрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани ҳақида хабар берилган.

ИИВ мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиши ва бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг 77-моддасига биноан, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, дея эслатмоқда вазирлик.

Шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир. Вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши шарт, дейилади хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.

Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни «ўз фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчлари ва қонуний мажбуриятларини» бажаришга чақирди.

Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга масъул органлардан бири сифатида вазирлик шундай субмаданият намоён бўлиши ҳолатлари ота-оналар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик сифатида малакаланишини маълум қилди.

Бундан ташқари, идора квадроберлик боланинг руҳий ва эмоционал соғлиғига қандай таъсир этганини аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда болаларни махсус психологик кўрикдан (конфиденциал тарзда, болани яккалаш ва дискриминация қилинишига йўл қўймайдиган дўстона усуллар орқали) ўтказиш ҳам талаб этилиши мумкинлигини қўшимча қилди.