Тошкент ҳокимлиги шаҳар аҳолисига совуқ ҳаво келиши билан бошпанасиз ҳайвонларни асрашга чақирувчи мурожаатини эълон қилди.
«Бугундан бошлаб кунлар сезиларли даражада салқинлашди ва тез орада салқин ҳаво ўрнини аёзли кунлар босади. Шу сабабли, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига юзланиб, эътиборларини қаровсиз кучук ва мушукларга қаратмоқчимиз, ҳойнаҳой улар сиз яшаб турган ҳовлида ҳам бўлса керак», — дейилади мурожаатда.
«Имконингиз ва хоҳишингиз бўлса бошпанасиз жониворга бошпана ёки озуқа беринг. Шундай қилиб, сиз кичик, аммо жуда муҳим бўлган ҳаётни сақлаб қолишингиз мумкин», — дея таъкидлади шаҳар ҳокимлиги.
Ҳокимлик ҳайдовчиларга мурожаат қилар экан, автомобилларни ўт олдиришдан аввал уни текшириб кўришни сўради, чунки совуқ ҳавода жониворлар иссиқ бошпана излаб, кўпинча машина ғилдираклари ва капотлари остида яширинадилар: «Бир муддат шошманг, машина атрофини текшириш учун бир дақиқа вақт ажратинг».