Марказий сайлов комиссияси 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар қилмоқда МСК матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакат тарихида илк маротаба электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш режа қилинмоқда.

Синаб кўрилиши режалаштирилган электрон овоз бериш қурилмаларидан 37 та хорижий давлатларда (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Бразилия, Сингапур, Австралия ва бошқалар) фойдаланилган бўлиб, улар орқали шу кунга қадар 6,5 миллиарддан ортиқ сайловчилар овоз берган.

«Электрон овоз бериш тартиби овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Фото: МСК.Фото: МСК.

Қурилма сайлов бюллетенларининг электрон кўринишлари билан махсус дастурланган, монитор, қоғозни чоп этувчи ва автоматик тарзда кесувчи принтер, сайлов қутиси ва уни масофадан фаоллаштириш тугмасидан иборат бўлади. Ундан фойдаланиш тартиби участка сайлов комиссиясининг тегишли масъул аъзоси томонидан тушунтирилади.

МСК матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, мазкур тизим Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан пойтахтдаги 16, 17, 18, 19, 20, 21, 22, 23, 24 ва 25-сайлов участкаларида жорий этилади.

Электрон овоз бериш синовдан ўтказиладиган сайлов участкаларида сайловчилар анъанавий ёки электрон овоз беришни мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, МСК томонидан электрон овоз бериш қурилмалари орқали бюллетенни тўлдириш тартиби ҳам тасдиқланди.

Мажлисда сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини интернет орқали онлайн трансляция қилишни қўллаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қарор қабул қилинди.