Ўзбекистонда ипотека кредити бозори қисқаришда давом этмоқда, дея хабар берди Марказий банк.

2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 11,73 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 490,3 млрд сўмга ёки 4,1 фоизга кам.

ипотека, марказий банк, уй-жой бозори

Янги қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун ипотека ҳажми 7,08 трлн сўмдан 7,16 трлн сўмга (+1,1 фоиз) бироз ошди, иккиламчи уй-жойлар учун эса 5,14 трлн сўмдан 4,57 трлн сўмга (-11 фоиз) камайди.

Кўрсаткичнинг пасайиши барча манбалар: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (-189,8 млрд сўм), банкларнинг ўз маблағлари (-222 млрд сўм) ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (-78,5 млрд сўм) ҳисобидан молиялаштиришни қисқартириш ҳисобига юз берди.

ипотека, марказий банк, уй-жой бозори

Айниқса, ушбу хизматнинг асосий бозорлари ҳисобланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ипотека кредити ҳажмининг қисқариши сезиларли даражада кузатилмоқда. Пойтахтда берилган ипотека кредитлари ҳажми 3,76 трлн сўмдан 3,5 трлн сўмгача (-6 фоиз), Тошкент вилоятида эса 960,5 млрд сўмдан 648,7 млрд сўмгача (-32,5 фоиз) қисқарди.

Эндиликда Тошкентдан кейин иккинчи йирик ипотека бозори Самарқанд вилоятига айланди, у ерда аҳоли 1,02 трлн (+19,8 фоиз) ипотека кредитларини олди. Кейинги ўринларда 1,01 трлн сўм (+6,3 фоиз) билан Фарғона вилояти, 834,7 млрд сўм (+17,1 фоиз) билан Андижон вилояти ва 748,8 млрд сўм (-18,3 фоиз) билан Навоий вилояти туради.

Ипотека кредити олувчилар сони ҳам 10 653 кишига (53 443 нафардан 42 790 нафарга (деярли 20 фоизга)) камайди. Шу билан бирга, ўртача кредит миқдори 228,6 млн сўмдан 274 млн сўмга ёки 19,9 фоизга ошди.

ипотека, марказий банк, уй-жой бозори

Давлат дастури доирасида ипотека фоиз ставкаси ўзгармади — 17,5 фоиз, аммо банклар ўз кредитлари учун ставкаларни 23,8 фоиздан 25 фоизга оширди.

Эътиборлиси, 18−30 ёшлилар орасида ипотека кредити олувчилар сони 10 333 тадан 11 601 тагача кўпайди, уларнинг улуши эса 19 фоиздан 27 фоизга ошди. Бунинг фонида ўрта ёшлилар (31−50 ёш) улуши 69 фоиздан 65 фоизгача, шунингдек, катта ёшдагилар (50 ёшдан ошган) улуши 12 фоиздан 8 фоизгача камайди.

ипотека, марказий банк, уй-жой бозори

Илгари хабар қилганимиздек, биринчи ярим йиллик якунига кўра ипотека бўйича ўртача ойлик тўловлар 16 фоизга ошиб, 2,99 миллион сўмни ташкил этди. Бундай кредитларнинг ўртача суммаси кўпайган бўлса-да, уларни бериш муддати қисқартирилди. Ипотека кредитларининг 22 фоизини норасмий даромадга эга шахслар олган.