Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2024 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Агентлик 2024 йилда Жанубий Кореяда 13 700 иш ўрнига квота олганини маълум қилди. Ойлик иш ҳақи ўртача 2000 долларни ташкил қилмоқда. Ушбу бўш иш ўринлари бўйича хорижий тилларни биладиган ҳамда малакага эга номзодлар ўзлари тўғридан-тўғри ёки маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари орқали мурожаат қилиши мумкин.

Ҳисобот даврида Япония, Литва, Словакия, Саудия Арабистони, Сербия, Хорватия, Буюк Британия, Венгрия, Швеция ва Бельгия каби дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатлари иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 93 та шартнома имзоланишига эришилди. Шундай қилиб, жами келишувлар сони 354 тага етди.

Шунингдек, Литва, Латвия, Польша, Болгария ва Европанинг бошқа давлатларига 26 мингдан ортиқ фуқарони юк автомобили ҳайдовчиси, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга юбориш бўйича лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларга ўртача 1400 АҚШ доллари иш ҳақи таклиф қилинмоқда.