Швеция Қироллик Фанлар академияси иқтисодиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига Массачусетс технологиялар институти профессорлари Дарон Ажемўғли ва Саймон Жонсон ҳамда Чикаго университети профессори Жеймс Робинсонни лойиқ топди.

Асосий номинациялардан фарқли равишда ушбу мукофотни Альфред Нобель хотирасига атаб Швеция миллий банки таъсис этган. Мукофот иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлар учун берилади.

Мукофот олимларга институтлар қандай шаклланиши ва уларнинг фаровонликка таъсирини ўрганиш йўналишидаги ишлари учун берилди.

Эндиликда Нобель-2024 ҳафтасини ёпиқ деб эълон қилиш мумкин. Лауреатларни тақдирлаш маросими 10 декабрь куни — Альфред Нобельнинг вафот этган санасида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги иқтисод бўйича Нобель мукофоти аёлларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва самаралари борасида тадқиқот ўтказган Гарвард университети иқтисодчиси Клаудия Голдинга берилганди.

2023 йил 17 март куни Тошкентдаги британиялик олим, Чикаго университети профессори Жеймс Робинсон билан учрашув бўлиб ўтганди. Тадбирда у ва Дарон Ажемўғли ҳаммуаллифлигидаги «Мамлакатлар таназзули сабаблари» (Why Nations Fail) китобининг ўзбекча таржимаси тақдимоти ўтказилган.

«Мамлакатлар таназзули сабаблари» китоби Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон томонидан ёзилган бўлиб, нега айрим мамлакатлар фаровонроқ деган саволга жавоб излайди. Китобдан баъзи парчаларни «Газета.uz»нинг мана бу материалида ўқиш мумкин.