Янгийўл туманида 14 октябрь куни Тошкент вилоятидаги муҳим лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда Тошкент вилоятида саноат ҳажми 1,5 баробар кўпайиб, 107 триллион сўмни ташкил этган, маҳаллий экспорт ҳажми 3,5 карра ошиб, қарийб 1 миллиард долларга етган.

Қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити сармоялар ҳажмини ошириш, илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда, дейилади хабарда. Бу орқали 2018 йилда вилоятда жами бўлиб 20 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам 1 миллиард долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони ҳам йил сайин ортиб, ҳозирда 1 минг 700 тани ташкил этмоқда.

инвестиция, лойиҳалар, президент, тошкент вилояти

Бугунги кунда 20 миллиард 360 миллион долларлик 91 та хорижий, 4 ярим миллиард долларлик 28 та маҳаллий инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.

Президент маросим доирасидаги лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

1. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда «Буюк ипак йўли» махсус саноат технопарки қурилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.

2. Юқори Чирчиқ туманида 350 миллион доллар эвазига 69 гектар майдонда тўқимачилик саноат парки ташкил этилади. Бу мажмуада 20 дан ортиқ ип-калава, мато тўқиш ва бўяш, тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади.

инвестиция, лойиҳалар, президент, тошкент вилояти

3−4. Мамлакатда 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспортини 5 баробар ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта ошириш мақсад қилинган. Шу мақсадда Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилмоқда.

Тошкент вилояти энергетика соҳасида 5,7 гигаваттли қувватлар мавжуд бўлиб, бу миқдорни ошириш мақсадида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 2030 йилгача умумий қуввати 4 минг 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш режалаштирилган.

5. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида ташкил этиладиган 3 та лойиҳа бунда муҳим ўрин тутади. Аввало, China Datang компанияси билан Бўка туманида қиймати 240 миллион долларлик қуёш электр станцияси қурилади. Бу станцияда йилига 576 миллион киловатт соат ёки 240 минг хонадон учун етарли электр энергияси олинади. Натижада вилоятда генерация қувватлари 6,5 гигаваттга, электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 24 миллиард киловатт соатга етказилади.

инвестиция, лойиҳалар, президент, тошкент вилояти

6−7. Яна иккита лойиҳа — China Energy Overseas Investment компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда 3 минг 280 мегаватт қувватга эга бўлган 44 та ГЭС қуриш имконияти мавжуд, хусусан, Тошкент вилоятида гидроэнергетика бўйича катта салоҳият бор.

Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидро электр станцияси мавжуд. Бу республикадаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенг.

Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.

инвестиция, лойиҳалар, президент, тошкент вилояти

8−9. Маросимда шундан иккитаси — Оҳангарон туманида қурилган 2,5 мегаваттли кичик ГЭС ҳамда Бўстонлиқ туманида қурилган 1,5 мегаваттли Угам кичик ГЭСи ишга туширилмоқда. Мазкур қувватлар йилига 18 миллион 400 минг киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқаради ва 7 минг 600 та хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатга инвестиция киритаётган хорижий компанияларга миннатдорлик билдириб, ишларига муваффақият тилади. Рамзий тугма босилиб, мазкур 9 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт берилди. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг.