Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни Космик фазони, шу жумладан Ой ва бошқа осмон жисмларини тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принциплари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Ҳужжат 1966 йил 19 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан қабул қилинган ва 1967 йил 27 январда Лондон, Москва ва Вашингтонда имзоланган. Ҳозирга қадар унга 114 та давлат қўшилган бўлса, Ўзбекистон 115-иштирокчига айланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонунни 2 июль куни қабул қилган, Сенат эса 15 август куни маъқуллаган. Парламент қуйи палатасида қонун муҳокамасида «Ўзбеккосмос» агентлиги бош директори Шуҳрат Қодиров битимни ратификация қилиш Ўзбекистоннинг халқаро космик лойиҳалар ва тадқиқотларда иштирок этиши, шунингдек, бошқа мамлакатлар билан ресурслар ва билим алмашиш учун имкониятлар очишини таъкидлади. Ратификация, шунингдек, Ўзбекистоннинг космик ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
«Космик фаолият жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви ва ахборотлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутади. Дунёнинг барча етакчи ва кўплаб ривожланаётган давлатлари космик фазони ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда, космик салоҳиятдан эса иқтисодий, мудофаа, техникавий, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни рўёбга чиқариш учун фойдаланилмоқда,» — дейилади Сенат муҳокамасида.
Космос шартномаси
Космос тўғрисидаги шартномада айтилишича, космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, иқтисодий ёки илмий ривожланиш даражасидан қатъи назар, барча мамлакатлар фаровонлиги ва манфаатлари йўлида амалга оширилади ҳамда бутун инсониятнинг мулки ҳисобланади. Космос ва самовий жисмлар уларга нисбатан суверенитет эълон қилиш йўли билан ҳам, фойдаланиш ёки босиб олиш йўли билан ҳам, бошқа ҳар қандай воситалар билан ҳам миллий ўзлаштирилиши мумкин эмас.
Шартномага аъзо давлатлар халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда халқаро ҳамкорлик ва ўзаро англашувни ривожлантириш манфаатлари йўлида халқаро ҳуқуққа, шу жумладан, БМТ Уставига мувофиқ космик фазони тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини оладилар.
Иштирокчи давлатлар Ер атрофида ядро қуроли ёки оммавий қирғин қуролларининг бошқа ҳар қандай турларига эга бўлган ҳар қандай объектларни орбитага чиқармаслик, бундай қуролни самовий жисмларга ўрнатмаслик ва бундай қуролни космосда бошқа тарзда жойлаштирмаслик мажбуриятини оладилар.
Шартномага аъзо давлатлар космонавтларга инсониятнинг космосдаги вакиллари сифатида қарайдилар ва шартномага аъзо бошқа давлат ҳудудида ёки очиқ денгизда авария, офат ёки мажбурий қўниш содир бўлган тақдирда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатадилар. Шартномага аъзо давлатлардан бирининг космонавтлари космосда фаолиятни амалга оширишда бошқа аъзо давлатларнинг космонавтларига мумкин қадар ёрдам кўрсатади.