Бухоро вилояти Когон шаҳрида эркак танишини пичоқлаб ўлдирди, яна бирига жароҳат етказди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат 13 октябрь куни соат 13:10 атрофида содир бўлган. Тармоқларда тарқалган видеоларда аёл киши ерда ётгани, эркак 2 нафар йигит билан тортишаётгани ва улардан бирини қувлаб, бир неча маротаба пичоқ урганини кўриш мумкин.
Бош прокуратура маълумотига кўра, 53 ёшли А.Г. аввалдан мавжуд бўлган келишмовчилик оқибатида танишлари — 61 ёшли аёл Н.А. ва 29 ёшли йигит У.Д.ни қасддан ўлдириш мақсадида таналарининг турли соҳаларига ошхона пичоғи билан урган.
Оқибатда У.Д. шаҳар тиббиёт бирлашмасида олган тан жароҳатлари билан вафот этган. Аёлга шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳолат юзасидан Когон шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро А.Г.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибида ушланган.