Баҳорда Airbus авиация концернининг «она шаҳри» Тулуза (Франция)да бўлдим. Бўш вақтимда Aeroscopia (Аэроскопия) аэрокосмик музейи и Ailes Anciennes Toulouse («Тулузанинг кўҳна қанотлари») музейига боришни ўзим учун қатъий режалаштириб қўйгандим. Уларнинг ҳар иккиси ҳам авиацияга қизиқувчилар учун муҳим жой.
Аэроскопия — шаҳарнинг Airbus концерни ва Тулуза расмийлари иштирокида ташкил этилган бош музейи бўлса, Ailes Anciennes жамоат музейи эса волонтёрлик ҳаракати мевасидир.
Аэроскопияда Airbus’нинг тарихини бошлаб берган А300, «Конкорд», «Супер Гуппи», биринчи А380, А340−600, биринчи А320 ва 1950 йиллар афсонаси — «Супер Каравелла» каби афсонавий учоқлар йиғилган.
Ангар ичида 1930 йилларда ишлаб чиқарилган «Бурга»дан тортиб то Airbus Zero emissions каби замонавий электросамолётларгача кўриш мумкин.
Ailes Anciennes’да бутун Франция ва Европа бўйлаб ишлаб чиқарилган янада ноёброқ самолётларни учратиш мумкин.
Жамоат музейи логотипида илк икки палубали самолётлардан бири — афсонавий Breguet 761 тасвирланган. Айнан шу самолёт музейнинг марказий экспонати ҳам ҳисобланади. Ҳозирда бу самолётни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Аммо, энг ҳайратланарлиси, Аэроскопияда ҳам, «Эски қанотлар»да ҳам совет қирувчи самолётлари бор ва, бошқа самолётларга қандай эҳтиёткор ва эътибор билан муносабатда бўлишса, совет самолётларига ҳам худди шундай қарашади.
«Эски қанотлар» ҳудудида самолётларни таъмирлаш ангари бўлиб, волонтёрлар у ерга бўш вақтида келиб, нафақат Франциянинг, балки бошқа мамлакатларнинг ҳам авиамеросини келажак авлодларга сақлаб қолиш учун муҳим ишни бажаради.
У ерда кўрганларимнинг барини бир мақолага сиғдириш, табиийки, имконсиз.
Тошкентда барча имкониятлар бор
Ўзбекистонда — хусусан, Тошкентда — фахрланса арзигулик бой авиация мероси бор. Аммо у билан тайинли танишишнинг имкони йўқ, бу мероснинг катта қисми эса сўнгги ўн йилликларда шунчаки йўқ бўлиб кетган. Шунга қарамай, мамлакатда ҳали ҳам эътиборга молик экспонатлар бор. Бутун дунёдан авиация мухлисларини ўзига қаратадиган қиёси йўқ бир музей ташкил этиб, уларни сақлаб қолиш мумкин.
Яқин-яқингача Чкалов номидаги Тошкент авиация заводи дарвозаларидан самолётлар олиб чиқилиб, шу яқиндаги учиш-синов транспорт мажмуаси (УСТМ)га тортиб бориларди («Газета.uz»да шу ҳақда фоторепортажлари ҳам бор). Ҳудуди турли ишлаб чиқариш корхоналари томонидан эгалланган заводни энди қайта тиклаб бўлмайди. Аммо УСТМ ҳудудида ҳам заводдан эсдалик, ҳам мамлакатнинг авиация тарихи ёдгорлиги сифатид самолётлар сақланиб қолган.
Орасида ўз йўналишида ягона ва камёб ҳисобланганлари ҳам бўлган бу самолётлар бугун йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Шаҳар ўсяпти, янги турар жой мавзелари қуриляпти, собиқ синов аэродроми реконструкция қилиняпти ва, алал-оқибат, бу ерда турган эски самолётларга жой топилмай қолиши мумкин. Ваҳоланки, уларнинг бари тушунарсиз сабабларга кўра Тошкентда ҳали ҳам ташкил этилмаган авиация музейининг ажойиб экспонатларига айланиши мумкин эди.
УСТМ ҳудудида Ил-114 самолётининг дунёда ягона ҳисобланган юк ташувчи версияси (Ил-114Т) турибди! Бошқа бундай самолёт йўқ. Ундан сал нарида камёб, Тошкент авиазаводи маҳсулоти ҳисобланган, ўзбек авиасозларининг меҳнати сингган Ан-8 турибди. Ундан кейин бой тарихга эга собиқ биринчи рақамли ҳарбий борт — Ту-154-Б1. Ту-134 ҳам жуда муҳим самолёт. Умуман, бу ерда турган самолётларнинг бари қадрли ва сақлаб қолиниши лозим.
Агар бу рўйхатга Андижондаги Ту-124, Термиздаги Hawker 800 каби камёб самолётлар ва Як-42 самолётининг Нукус яқинида турган, сериявий ишлаб чиқарилишидан аввалги ноёб модификациясини ҳам қўшадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам қиёси йўқ бир коллекция вужудга келади.
Тулузадаги музейга ҳар йили 120 мингдан зиёд меҳмон келади. Бу рақамни бир тасаввур қилиб кўринг-да! Тошкент авиация музейи ҳам Ўзбекистоннинг энг машҳур, оммабоп осори-атиқаларидан бирига айлана олган бўларди. Мамлакатда авиация соҳаси жадал ривожланаётгани, Транспорт институтида учувчи ва техник ходимларни тайёрлаш курслари очилгани, ёшлар орасида авиацияга қизиқиш ошиб бораётганидан келиб чиқилса, музей бўлажак мутахассислар учун амалиёт майдончаси сифатида ҳам хизмат қилган бўлур эди.
Тошкент авиация музейи бутун Марказий Осиё минтақасида ягона бўлиши мумкин. Бу лойиҳадан биргина пойтахтнинг ўзи эмас, балки бутун мамлакат манфаат кўрган бўларди. Ўзбекистонда ҳеч қачон паровозлар ишлаб чиқарилмаган бўлса-да, Тошкентда паровозлар музейи бор. Шундай экан, мамлакат бутун бошли улкан авиацион тарихга эга бўлгани ҳолда, нега самолётларни ҳам сақлаб қолмаслик керак? Расмийлар қарор қилса бас.
Ўзбекистон фуқаро авиацияси 100 ёшга тўлган йилда учиш-синов мажмуасидаги самолётлар тақдири номаълумлигича қолмоқда. Металлоломга топширилган бошқа кўплаб самолётлар каби улар ҳам йўқ қилиниши эҳтимолини истисно этиб бўлмайди. Агар бу самолётлар ҳозир сақлаб қолинмаса, кейинчалик сақлаб қолгулик ҳеч нарса ҳам қолмаслиги мумкин. Шу тариқа, минглаб инсонлар ва мамлакат тарихининг муҳим бир қисми фақат суратлар ва хотираларда қолади, холос.
Музей қаерда бўлиши керак?
Лойиҳани амалга оширишнинг энг яхши ва энг камхаражат йўли — самолётлар ҳозир қаерда турган бўлса, музейни ўша жойда очишдир.
Биринчидан, бу жой — тарихий. Бу ерда «Ан» ва «Ил» самолётлари буюртмачиларига топширилишидан аввал илк бор айнан шу ердан ҳавога кўтарилган. ТАПОиЧда йиғилган ҳар бир бортнинг парвоз тарихи айнан шу ердан бошланган. Музей учун бундан-да яхшироқ жойни ўйлаб топиш ҳам имконсиз.
Иккинчидан, экспонатларни бошқа жойга ташишга ҳожат қолмайди, бу эса катта харажатлардан қочиш ҳамда самолётларни бузиб, қайта йиғишга кетадиган вақтни тежаш имконини беради. Самолётларни бўлакларга бўлиб, сўнг яна қайта тиклаш уларнинг ҳолатига ёмон таъсир кўрсатишини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Учинчидан, музей айни дамда реконструкция қилинаётган «Шарқий» аэропорти ҳудудига туташ бўлади. Келгусида, экспонатлар сони ошиб боравергани сайин, айрим самолётларни парвоз қила оладиган ҳолатгача қайта тиклаш бўйича назарий имконият юзага келади. Учиш-қўниш йўлаги музейнинг шундоқ ёнгинасида бўлади. Эски самолётларнинг намойишкорона тарихий парвозлари юзлаб авиатуристларни жалб қилиши жаҳон амалиётидан маълум. Бу нафақат музейнинг ўзини ўзи молиявий таъминлашига ёрдам беради, шу билан бирга, бу томоша учун келган сайёҳлар Тошкентнинг бошқа жойлари ва бошқа шаҳарларга ҳам сафар қилиб, туризм бўйича тушумларнинг ошишига ҳисса қўшади. Музей келгусида ўзи учиб келадиган экспонатларни ҳам қабул қила олиш имкониятига эга бўлиши — бу ҳам катта ютуқ бўлур эди. Жаҳондаги аксарият авиация музейлари ё шундай учиш-қўниш йўлагига эга, ё бўлмаса шундай йўлакни махсус қурдиради. Тошкент мисолида эса йўлак тайёр.
Тўртинчидан, музейнинг шаҳарга яқинлиги унга боришни, хусусан, жамоат транспорти воситасида етиб олишни осонлаштиради. Пойтахтнинг ўсиб бориши ва Янги Тошкентнинг ҳам қурилиши инобатга олинадиган бўлса, авиация музейи шаҳарнинг асосий осори-атиқаларидан бирига айланган бўлур эди.
Хулоса ўрнида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бўлажак музейнинг ярим иши битган. Уни кичик бир тайёргарлик билан ҳам очиб юбориш мумкин. Мамлакатда авиация музейини қулай, шинам ва ахборотга тўла кўринишга келтириш учун сидқидилдан ёрдам беришга тайёр ташаббускорлар кўплаб топилади.
Музей — бу шунчаки самолётлар сақланадиган жой эмас. Бу — ташриф буюрувчилар самолёт моделларини кўриши, уларнинг ишлаб чиқарилиши тарихи билан танишиши, болажонлар алоҳида ажратилган болалар майдончаларида авиация сир-асрорларини ўйин тарзида ўрганиши мумкин бўлган интерфаол жойдир; бу ерда, шунингдек, техник адабиётлар кутубхонаси, техника тўгараклари, кинозал, сувенерлар дўкони ва яна бошқа кўп нарсалар фаолият кўрсатади. Ақлли ёндашув билан бу музейни йилнинг исталган куни ва куннинг исталган вақтида шаҳар аҳли ва меҳмонларини бир жойга жамловчи аъло даражадаги жамоат маконига айлантириш мумкин.
Аввалги уринишлар
«Газета.uz» ўтган йили ҳам Аброр Сатимовнинг бир гуруҳ бошқа авиация ихлосмандлари ва споттерлар билан биргаликда Тошкентда авиация музейини очиш бўйича расмийларга қаратилган чақириқлари кўп йиллардан бери беҳуда кетаётгани ҳақида ёзганди.
2017 йил кузида, Ўзбекистон президенти Астрономия институтининг ёнида Астрономия ва аэронавтика паркини очиш ҳақидаги қарорни имзолаган вақтда, самолётларнинг кичик бўлса-да бир паркини ташкил этиш учун умид пайдо бўлганди. Ҳужжатда Мудофаа вазирлиги, Миллий авиакомпания ва (собиқ ТАПОиЧ ҳудудида иш олиб бораётган) Тошкент механика заводи ихтиёридаги самолётлар паркка олиб келиниши белгилаб қўйилганди. 2019 йил ёзида лойиҳани амалга ошираётган компания самолёт ва вертолётларни ўрнатиш бўйича Мудофаа вазирлиги билан шартнома ҳам имзолаганини маълум қилганди. Шундан бери лойиҳа ҳақида ҳеч гап йўқ. 2022 йил кузида бу жойда Гуллар боғини ташкил этиш ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳаси пайдо бўлди. 2024 йилда эса Туризм вазирлиги бу жойни «жамоатчилик боғи»га айлантиришини эълон қилди, аммо унда самолётлар ҳақида гап йўқ.
2021 йил бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги истироҳат боғларини ободонлаштириш ва янгиларини ташкил этишга доир режаларини жамоатчиликка тақдим этган, улар орасида ҳам авиация парки лойиҳаси ҳам бор эди. Аммо бу лойиҳа ҳам амалга оширилгани йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил январида мамлакат аэропортларида авиаспоттинг билан шуғулланишга расман рухсат берди. Айни вақтда, худди шу қарорда Uzbekistan Airports компаниясига Ўзбекистон Миллий авиация музейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни Мудофаа вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳақида ҳам топшириқ берилганди. Бу лойиҳа тақдири ҳам номаълум.