Охирги пайтларда метрополитеннинг айрим бекатларида катта тирбандликлар юзага келгани акс этган видеолар тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Йўловчи оқимини тўғри тақсимлаш, тирбандликни бироз бўлса-да юмшатиш мақсадида сентябрь ойидан Тошкент шаҳридаги метро бекатларига яқин 27 та ОТМда дарс жараёнининг бошланиш вақти белгиланди. Аммо шунга қарамай, метродаги тиқилинч вазият деярли ўзгаргани йўқ, ҳамон йўловчилар эътироз билдирмоқда.
9 октябрь куни Халқаро пресс-клубда Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мутасаддилар бекатлардаги тирбандликлар ва уларнинг ечимлари тўғрисида режаларини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов.
Кунига 1 миллионга яқин йўловчи метродан фойдаланмоқда
Метрополитен бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусановнинг айтишича, йўловчи оқимининг кўпайганлиги ва хизмат сифатининг ошганлиги натижасида ташкилот даромади ҳам ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2016 йилда йиллик даромад 63 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 477 млрд сўмга етган.
«Бугунги кунда жами бекатлар сони 50 та бўлиб, линялар узунлиги 71 километрдан иборат. Станциялар сони кўпайиши ортидан йўловчилар оқими ҳам катталашмоқда. Масалан, 2016 йилда 52 млн йўловчига хизмат кўрсатган бўлсак, 2023 йилда бу рақам 172 миллионга етди. Ҳозирда кунига 1 миллионга яқин йўловчи метродан фойдаланмоқда. 2024 йил охирига бориб, 209 миллион кишига хизмат кўрсатишни режа қиляпмиз», — деди у.
Мирҳоким Мирҳусановнинг сўзларига кўра, 2021 йилда 36 та, 2024 йилда эса 65 та ҳаракат таркиби (поезд) харид қилинди. Уларнинг барчаси линияларда ҳаракатланиб, йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
«Ҳозирги кунда тиғиз вақтларда поездларнинг оралиқ ҳаракати таркиби Чилонзор йўналишида 1,5 дақиқа (2021 йилда — 5 дақиқа), Ўзбекистон йўналиши — 3 дақиқа (6), Юнусобод йўналиши — 4 дақиқа (11) ҳамда ер усти ҳалқа йўналиши 9 дақиқадан (12) иборат», — деди метрополитен расмийси.
Муаммоларнинг қандай ечимлари бор?
Мирҳоким Мирҳусанов метрополитен фаолиятидаги муаммолар ҳақида гапираркан, қуйидаги масалалар ва ечимларни санаб ўтди:
1-масала: йўналишлардаги ҳаракат таркиблари билан боғлиқ носозликлар хизмат муддатини ўтаган 21 та эски поездлар билан содир бўлмоқда.
Ечим: шу йилнинг декабрь ойидан бошлаб 2025 йилнинг якунига қадар 26 та тўрт вагонли янги поездлар харид қилинади.
2-масала: йўловчиларнинг асосан 1- ва 4-вагонга чиқиши ҳамда эшик олдида тартибсиз туриши вагондан тушаётган ва унга чиқаётганларга халақит беряпти. Бундай ҳолатлар кўп кузатилмоқда. Шунингдек, бу поездларнинг белгиланган вақт интервалидан ортда қолишига сабаб бўлмоқда.
Ечим: йўловчиларга метрополитендан фойдаланиш қоидалари ҳамда вагонларга кириш ва чиқишда тартиб билан ҳаракатланиш юзасидан ОАВ ёрдамида тушунтиришлар олиб бориш.
3-масала: ҳамма бекатларда йўловчилар оқимининг ҳар хиллиги, баъзи бекатларда ҳаддан ташқари йўловчилар оқимининг юқорилиги.
Ечим: бекатлардаги йўловчи юкламасини камайтириш мақсадида йўловчилар имкон қадар нисбатан кам одам ташиладиган ўзига яқин бекатлар орқали ҳаракатланиши бўйича ОАВда тушунтириш ишларини олиб бориш.
7 октябрь ҳолатига кўра, Тошкент метрополитенида кунлик йўловчи ташиш ҳажми 990 606 нафарни ташкил этди. Шундан 478 352 нафари Чилонзор йўналишида ҳаракатланувчи йўловчилар ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон йўналишида — 277 123 нафар, Юнусобод — 142 740 нафар ва ер усти ҳалқа йўли — 92 391 нафар йўловчи ҳаракатланган.
Фото: t.me/mirzo_zominiy
Ўз навбатида, бекатлар кесимида «Пахтакор» бекати энг юқори йўловчи оқимига эга — кунлик йўловчилар сони 77 272 нафар. Ундан кейинги ўринларда «Амир Темур хиёбони» (60 048 нафар) ҳамда «Чилонзор» (58 754 нафар) қайд этилган. «Буюк ипак йўли» бекатида йўловчи оқими 54 195 нафар, «Олмазор» бекатида эса 30 678 нафарни ташкил қилган.
«Йўловчиларга илтимос қилиб қоламизки, улар яшаш хонадони ёки ишлаш жойига яқин метро бекатларидан фойдаланишса, барча бекатларда юкламалар бир хил бўлади. Бу поездлар ҳаракатига ҳам, бекатлардаги қурилмаларнинг бир маромда ишлашига сабаб бўлади. Ҳозир тиғиз пайтларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида катта бекатларда ходимларимиз томонидан одамларнинг вагон ичига киргизиш ёки йўлни очиб, одамларни вагон ичидан бекатга тушириб олишга ҳам катта аҳамият қаратиляпти. Бу борада ички ишлар ходимлари ҳам кўмаклашмоқда. Асосий муаммолардан биттаси шу бўляпти», — деди Метрополитен режим хизмати бошлиғи ўринбосари Абдутоҳир Абдуқодиров.
4-масала: Тошкент шаҳрида жойлашган йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва ўқув муассасаларида бир вақтнинг ўзида (соат 08:00 ва 09:00 оралиғида) иш куни ва дарсларнинг бошланиши айни шу вақт оралиғида метрополитенда бир қатор тирбандликларга сабаб бўлмоқда.
Ечим: йирик ишлаб чиқариш ва ўқув муассасаларининг иш ҳамда ўқиш бошланиши вақтларини ўзгартириш. Бу нафақат транспортдаги тиғизлик, шу билан бирга йўллардаги тирбандликларни камайтиради.
Абдутоҳир Абдуқодиров ҳукумат, Транспорт вазирлиги ҳамда тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда йирик корхоналарда иш бошланиши вақтини қайтадан кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилди.
«Тошкент шаҳрида 1 минг, 10 минг нафардан ортиқ ишчи ишлайдиган корхоналар бор, уларнинг айримларида иш вақти соат 08:00 да бошланади. Ўзимизнинг ҳам ишимиз худди шунга ўхшаш. Корхоналарнинг ҳам иш вақтини кўриб чиқишни режа қилганмиз. Масалан, соат 08:00 да эмас 09:00 да қилиш таклифини билдирмоқчимиз, агар уларга ҳам маъқул келса, сал бўлса-да, бекатлардаги тирбандликлар камайишига эришган бўламиз», — деди у.