Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ёрдамчиси Владо Радманович 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи доирасидаги БАА билан учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашди. ЎФА`нинг YouTube каналида анжуман жонли эфирга узатилди. Биринчи давра баҳси 15 октябрь куни соат 19:00 да Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Тадбир аввалида Владо Радманович бош мураббий Сречко Катанецнинг ҳолати ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, бош мураббий ноябрь ойидаги ўйинларда ўз вазифасига қайтади.

«Биз Катанец билан доимий алоқадамиз. У ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини маълум қилди. Ноябрь ойидаги ўйинларда терма жамоани ўзи бошқаради. У машғулотларни кузатиб боряпти, ўйинда ҳам биз билан алоқада бўлди. Бизга ҳар доим керакли маслаҳатларни бериб турибди», — деди у.

Мураббий БАА билан бўлажак ўйинда миллий терма жамоа салбий анъанага чек қўйиш ниятида эканини айтди. Ҳар бир ўйин ўзига хос. Бизда БАА билан ўтадиган ўйинларда салбий анъанамиз бор — ўз уйимизда уларни ҳозирча мағлуб этмаганмиз. Эртанги учрашувда бу анъанага чек қўйишга ҳаракат қиламиз. Футболчиларнинг барчаси тайёр ва биз эртага фақат ижобий натижа учун майдонга тушамиз, дея таъкидлади Владо Радманович.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда терма жамоа таркибидаги фаворитлардан Аббосбек Файзуллоев ва Остон Уруновда жароҳат бор. Улар кузатув остида.

Chempionat.asia нашрининг ёзишича, кеча Файзуллаев машғулот пайти жамоадошларидан бири билан тўқнашиб кетган. Жамоа шифокорлари тун бўйи Аббоснинг аҳволини яхшилаш учун уни назоратда ушлашган. Кечаги тўқнашув натижасида футболчининг суяклари лат емаган ва эҳтимолий кутилган хавф ортда қолган. Бизнинг маълумотга кўра, Файзуллаев эртанги учрашувда иштирок этиши мумкин, дейилади хабарда.

сречко катанец, ўзбекистон - баа, футбол

Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган Одилбек Ҳамробеков ҳам уларни эртага яхши жамоага қарши қизиқарли баҳс кутиб тургани, эртанги ўйин учун борини бериб ўйнашларига ишонтирди. Эртанги учрашувда мухлисларни хурсанд қилиш учун барчасига тайёрмиз, деди у.

Эслатиб ўтамиз, терма жамоанинг марказий ҳимоячиси Рустам Ашурматов ҳам Эрон билан учрашувда олган сариқ карточкаси туфайли БААга қарши баҳсни ўтказиб юборишга мажбур.

Уч тур якунларига кўра, Ўзбекистон 7 очко билан А гуруҳида биринчи ўринни сақлаб қолган. Кейинги ўринларда Эрон (7), БАА (4) ва Қатар (4) бормоқда.

сречко катанец, ўзбекистон - баа, футбол

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида 18 та терма жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма ва қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун тўртинчи босқичда ўйнайди.

Учинчи саралаш босқичи икки даврада (10 тур) ўтказилади. Боcқич 2024 йил 5 сентябрда бошланган ва 2025 йил 10 июнда тугайди.