Навоий вилоятида ичимликлар учун алюминий банкалар ишлаб чиқариш заводи қурилади. Инвестициялар ҳажми 100 миллион долларни ташкил этади, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

15 октябрь куни ИССВ томонидан Россиянинг «Арнест қадоқлаш ечимлари» (АҚЕ) компанияси билан ичимликлар учун алюминий банкалар ишлаб чиқариш заводини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. Янги завод «Навоий саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат парки ҳудудида жойлашади.

Келишувга кўра, АҚЕ инвестициялари қарийб 100 миллион долларни ташкил этади. Корхона қуввати йилига 1,5 миллиард банкадан ошади ва заводда 200 дан ортиқ янги юқори малакали иш ўринлари яратилади. Завод 2025 йилнинг кузида ишга туширилиши кутилмоқда.

Ичимликлар учун алюминий қадоқ ишлаб чиқариш Ўзбекистон учун янги технология ҳисобланади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 30 фоиздан ортиғини экспорт қилиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат Ўзбекистон ҳукумати имтиёзли солиқ режими ва субсидиялар кўринишидаги инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиши, балки хорижий инвесторга аниқ ишлаб чиқаришнинг техник талабларига тўлиқ жавоб берадиган тайёр ишлаб чиқариш майдончаси таклиф қилиб, инфратузилмани жисмонан ривожлантириш орқали ҳамкорликнинг яна бир намунаси бўлади, деди вазир ўринбосари Хуррам Тешабоев.

АҚЕ бош директори Александр Исаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш компаниянинг ЕОИИ, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари экспорт бозорларидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Бу компаниянинг РФдан ташқаридаги биринчи корхонаси, деб ёзди «Ведомости» ишлаб чиқарувчи вакилига таяниб.

2023 йил август ойида «Арнест» гуруҳи бир евро эвазига Heineken Россиядаги бизнесининг 100 фоизини сотиб олганди.