Навоий шаҳрида ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, инспекциянинг вилоят ҳудудий бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда назорат тадбири ўтказилган.
Текширувда «O.P.N» МЧЖ раҳбари А.И. парранда етиштириш биносида 3 дона «Innosilicon Т3+» русумли майнинг қурилмаларини тармоққа улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Ушбу қоидабузарликлар сабабли давлат манфаатларига 106,5 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «д» банди (Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.