Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси кўмагида Венгриянинг Лакителек шаҳрида Алишер Навоий бюстнинг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги.
Қайд этилишича, ушбу бюст Венгрия-Ўзбекистон дипломатик алоқалари тарихида Ўзбекистонга бағишлаб Венгрияда очилган биринчи маданий ёдгорлик ҳисобланади. Ушбу лойиҳа венгриялик ҳайкалтарош Дёрджи Лантос томонидан амалга оширилган.
Очилиш маросимида Венгрия давлат парламенти спикери ўринбосари Шандор Лежак, Ўзбекистон маданият вазири биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, Венгриядаги элчи Ойбек Шахавдинов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқа маданият ҳамда санъат вакиллари иштирок этди. Улар Навоий бюсти пойига гулчамбарлар қўйди.
Шандор Лежак ўз нутқида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қўллови билан ҳозирги вақтда Венгриянинг туркий дунё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон билан асрий ришталари қайта тикланаётганини юқори баҳолади.
«Биз боболаримиз киндик қони тўкилган юртга ҳурматимиз белгиси сифатида қардош ўзбек халқининг фарзанди Алишер Навоийга бағишланган бюстни юртимизда ўрнатишдан бағоятда мамнунмиз. Ушбу ёдгорлик бугун венгер ва ўзбек халқлари ўртасидаги ўчмас дўстликка асос солди. Маданий алоқаларимиздаги бугунги тарихий воқеа муносабати билан икки мамлакат халқларини самимий қутлайман», — деб таъкидлади Венгрия парламенти раиси ўринбосари.
Маълумот учун, Навоий ҳайкали Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул, Боку ва Анқара шаҳарларида ўрнатилган.