Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига Ойбек Элмуратов ўринбосар этиб тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Ойбек Элмуратов бунгача Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган.
У 1999 йилда Тошкент молия институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини «Ўзмиллийбанк» Лойиҳани молиялаштириш маркази мутахассиси сифатида бошлаган.
Кейинчалик Молия вазирлигида бўлим бошлиғи ўринбосари, ушбу вазирликнинг Йўл жамғармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Бундан ташқари, фаолияти давомида БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа менежери, «Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компанияси департаменти бошлиғи, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бошқарма бошлиғи каби қатор масъул вазифаларда меҳнат қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори этиб Абдулла Азизов тайинланди. У бунга қадар «ОКМК» бошқаруви раисининг Рақамлаштириш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Ундан аввал агентликни Улуғбек Эгамов бошқарган.
Улуғбек Эгамовнинг раҳбар бўлиши собиқ бошлиқ Сардор Кариевнинг 2023 йилда «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропи воқеалари ортидан қамоққа олинганидан сўнг рўй берди. Суд Сардор Кариевни 20 йилга озодликдан маҳрум қилган.