15 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш режалари кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби.

Шерзод Асадовга кўра, вилоятда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида келаси йили 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ҳисоб-китоблар тузилган, аммо давлат раҳбари уларни маъқулламаган.

«Бор имкониятлар ва яратиб берилаётган шароитлар ҳисобига вилоятда камбағал оила қолишининг ўзи уят», — деди у.

Президент Тошкент вилояти кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилиш бўйича республикада энг охирги ўринларда турганини мисол қилиб келтирди. Вилоят саноатининг атиги 25 фоизи кичик бизнесга тўғри келади, оилалар даромадида кичик бизнес улуши 1,5 фоизни ташкил қилади.

иш билан таъминлаш, камбағалликка қарши курашиш, миграция, президент, тошкент вилояти

Бундан ташқари, вилоятдаги 12 минг вакант ўриннинг 2 мингтаси ободонлаштириш, гул экиш, кўча супириш каби малака талаб этилмайдиган меҳнатга мансуб. Лекин иш излаб юрган 2 минг аҳолини бу ишларга жалб қилиш ўрнига, уларга ҳар йили 4 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тўланмоқда, таъкидлади давлат раҳбари.

Йиғилишда «Сайхунобод», «Зарбдор», «Уйчи», «Ғиждувон» тажрибалари асосида камбағал аҳолини банд қилиш бўйича мутасаддилар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, меҳнат миграцияси масалалари билан тизимли ишлаш, чет элда мавсумий ишларда ишлаб қайтган ва яна кетиш истагида бўлганларни ҳамда бу йил иш топа олмаган мактаб битирувчиларини юқори даромадли касбларга, хорижий тилларга ўқитиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятнинг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, айниқса Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари ва Ангрен шаҳрида туристик масканларни кўпайтириш вазифалари белгилаб олинди.

иш билан таъминлаш, камбағалликка қарши курашиш, миграция, президент, тошкент вилояти

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги газ ва электр энергиясининг йирик истеъмолчилари бўлган корхоналарда энергия сарфи юқори ускуналарни янгилаш, сув насосларини замонавийларига алмаштириш муҳим эканини қайд этди.

«Вилоятнинг ўсиш нуқталарини рўёбга чиқариш учун вилоят хокими, унинг ўринбосарлари, 22 та туман ва шаҳар ҳокими маррани 2 баравар катта олиб, тинимсиз ишлаши шартлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.