15 октябрь куни Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон вилояти орқали Ўш" автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довонида ҳарорат совиши ортидан қор ёғди. «Газета.uz» ёғингарчилик акс этган тасвирларни бир саҳифага жамлади.

Ўзгидромет матбуот хизмати ҳафтанинг биринчи ярмида Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши ҳақида огоҳлантириш берганди.

Хусусан, сешанба тонгида ҳудуддаги айрим жойларга туман тушди, ҳаво ҳарорати 0 даражани ташкил этди. Автотранспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланди. «Қамчиқ» довони орқали ҳаракатланаётган барча ҳайдовчилардан эрталабдан бери об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда тезликни меъёрдан оширмасдан, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланиш сўралмоқда.

Қор ёғиши тушдан сўнг ҳам давом этди. Ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб, +2 даражага чиқди. Йўл қопламасида сирпанчиқ ҳосил бўлмаслиги учун машина-механизмлар ёрдамида йўл қопламасига қум-туз аралашмасини сепиш ишлари бошланди.

Қамчиқ довонидаги вазият ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам хабар бериб, фуқароларни барча хавфсизлик чораларини кўришга чақирди. Расмий манбаларга қўра, ҳудудда қор ёғиши давом этмоқда (соат 16:40 ҳолатига кўра).

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» Ўзбекистонда 14−20 октябрь кунлари кузатиладиган об-ҳаво шарҳини эълон қилганди. Унга кўра, 16−17 октябрь тонгги муддатларида совуқ Сибир антициклонининг жануби-ғарбий чеккаси республиканинг катта қисми учун мавсумдаги илк ноль даражага яқин совуқ ҳаво ҳароратни улашади.