Сирдарё вилояти Сирдарё туманида бир оиланинг уч аъзосини қасддан ўлдирган собиқ ИИБ ходими умрбодга қамалди. «Газета.uz» суд қарори билан танишди.

Қотиллик 27 апрель куни содир этилган. 4 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида фуқаро М.Ш.га оид ушбу жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи 2022 йилдан 2023 йилгача ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлимида махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаган.

Эркак 26 апрель куни фуқаро Э.К. (аёл)нинг уйига борган ва суҳбат давомида улар орасида келишмовчилик юзага келган. Аёл эркакнинг отаси ва қизини ҳақоратлагани сабабли жанжал келиб чиққан.

Шундан сўнг судланувчи хонада бўлган ўткир тиғли аёллар тирноғини текислаш воситаси билан жабрланувчининг бўйин, жағ ва пешона соҳаларига бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.

Эркак ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шовқин бўлган хонага қараб келаётган марҳуманинг ўғлини ҳам хонадаги диванга ётқизиб, ўша хонадаги ёстиқ билан унинг юзини ҳамда қорин соҳасидан оёқлари билан бир неча дақиқа зарб билан босиб ўлдирган.

Судланувчи шундан кейин жабрланувчи марҳуманинг онаси М.К. (аёл)ни ҳам ўлдиришга қарор қилган. У қўшни хонада ётган аёлнинг юзига ёстиқ билан бир неча дақиқа зарб билан босиб, уни ҳам қасддан ўлдирган. Эркак мурдалар ётган хоналарни қасддан ёқиб юборган.

Эркак бу билан атрофдагилар учун хавфли усулда яшаш хонадонига 7 миллион сўм зарар етказган. Бундан ташқари, у Э.К. ва Х.А, ётган хонадан стол устида турган Redmi 12 русумли телефон аппаратини яширин равишда қўлга киритган ва уйни тарк этган.

Суд ҳукмига кўра, М.Ш. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик), 97-моддаси 2-қисмининг «в, р» бандлари (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; такроран ёки хавфли рецидивист томонидан қасддан ўлдириш), 169-моддасининг 1-қисми (Ўғрилик) ва 173-моддаси 2-қисмининг «б» бандида (Атрофдагилар учун хавфли усулда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «в, р» бандлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони махсус тартибли колонияда ўташ белгиланди. Жазо муддати 2024 йил 27 апрелдан бошлаб ҳисобланган.