Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Бобур кўчасининг бир қисмида автомобиллар ҳаракати қисман чекланади, дея хабар бермоқда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» компанияси.
Қайд этилишича, мазкур кўчанинг Шота Руставели кўчаси билан кесишмасидан Сеул кўчаси билан кесишмасигача Шайхонтоҳур тумандаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида кўчада 110 киловаттли юқори кучланишли ер ости электр узатиш кабель тармоқларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу сабабли 16 октябрдан 15 ноябрга қадар Бобур кўчасининг ушбу қисмида тўрт чизиқли йўлнинг икки чизиғида ҳаракат чекланади, автотранспорт оқими эса қолган икки чизиққа йўналтирилади.
Компания ноқулайликлар учун узр сўраб, юзага келиши мумкин тирбандликларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланишларини тавсия қилди.