11 йилдан бери Тошкентда (бутун дунёга, хусусан, самолётлар ишлаб чиқарилган жой сифатида ҳам танилган шаҳарда) Авиация музейини ташкил этиш ғояси билан яшаб Аброр Сатимов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат йўллади (рус тилида).
«Газета.uz» Сатимовнинг ушбу ташаббуси ҳақида бир неча бор ёзган эди («Фаоллар кўплаб ноёб эски самолётларни музей яратиш орқали сақлаб қолишни таклиф қилмоқда», — 2023 йили; «Ўзбекистонда минтақадаги ягона авиация музейини очиш мумкин эди. Очилармикин?», 2024 йили).
Бой самолётсозлик тарихига, сақлаб қолинган уникал, айримлари эса ўз йўналишида ягона ҳисобланган самолётларга эга бўлган, шунингдек, туризмни (жумладан, унинг тарихий, ҳарбий, гастрономик ва бошқа турларини) ривожлантиришга эътибор қаратаётган Ўзбекистон ҳали ҳам ўзининг авиация музейини ташкил қилмаган, ваҳоланки, бундай музей минтақада ягона бўлур эди.
«Очиқ хат ёзишга бирдан қарор қилганим йўқ, — дейди Аброр Сатимов „Газета.uz“ билан суҳбатда. — Бу масалани ҳал қилиш учун 11 йил давомида турли бўғинларда уринишлар бўлди. Биз турли шаҳарлар ва Тошкент шаҳри туманлари ҳокимликларига, корхона ва ташкилотларга мурожаатлар қилдик. Аксарият ҳолларда бизнинг ғоямиз жиддий қабул қилинмади, бошқалар эса музей ташкил этиш баҳона самолётларни йўқ қилиш ва бундан моддий фойда олиш учун мендан фойдаланишди. Вилоятлардаги самолётлар ҳам эгасизликдан хавф остида, аста-секин вайрон бўляпти».
Тошкентдаги собиқ учиш-синов мажмуаси («Шарқий» аэродроми)да кўп йиллардан бери эски самолётлар ва уларнинг қисмлари сақлаб келинади. Аэродромда реконструкция ишлари бошланганидан сўнг, бу учоқларнинг тақдири номаълум бўлиб турибди. Бу самолётлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари Авиация музейини очиш учун асос вазифасини ўтаган бўлур эди.
Ўзи мурожаат қилган идора ва ташкилотлардан жавоб ололмаган Аброр Сатимов бу вазиятда ягона ечим сифатида давлат раҳбарига очиқ хат ёзишга қарор қилди. «Хатим етиб бориб, музейни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинишига жуда ҳам умид қилиб қоламан. Бу қарор мамлакат тарихи ва келажаги учун жуда катта аҳамиятга эга», — деди у.
Очиқ хат
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўсиб бораётган ёш авлод орасида илмий-техникавий сиёсатни ишлаб чиқиш, шунингдек, маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш, мустақил Ўзбекистоннинг миллий авиациясини ривожлантириш ва шакллантириш бўйича кўрсатмаларингизни амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида Авиация музейини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишингизни сўрайман.
Тошкентдаги Авиация музейи ғояси бундан 11 йил аввал илгари сурилган ва шу кунга қадар уни амалга ошириш учун уринишлар қилиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида Авиация музейи ғояси ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шарқий аэродромда реконструкция ишлари олиб борилаётган ҳозирги дамда эса Тошкентда Авиация музейини ташкил этиш масаласи ўзининг ортга қайтмас нуқтасига етиб келди, деб ҳисоблаймиз. Чунки музейга қўйилиши режа қилинган потенциал экспозициянинг 80 фоизи айнан шу аэродром ҳудудида жойлашган. Реконструкция ишлари сабаб самолётлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.
Тошкентдаги Авиация музейи ёш авлоднинг техника ва авиацияга, шунингдек, техник фанларга бўлган қизиқишини шакллантириш учун катта туртки бўлиб хизмат қилган бўлур эди. Бу эса ҳозирда мамлакатимизда жуда тез ривожланаётган авиация соҳасига етишмаётган кадрларини тайёрлаш учун замин ҳозирлаш имконини беради.
Музейда статик экспозициядан ташқари ёшларнинг самолётларни таъмирлаш, авиамоделларни тайёрлаш ва учириш каби турли техник жараёнларда бевосита қатнашишини, метеорология, география, навигация, астрономия, материалшунослик бўйича ўқув машғулотлари ва соҳага алоқадор бошқа кўплаб йўналишларда билим олишини таъминлайдиган кўплаб имкониятлар бўлади.
Мен, замонавий геосиёсий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, учувчисиз самолётлар ва дронлар билан шуғулланувчи мутахассислар учун асосий билимлар манбаи — авиамодель тўгараклари эканини таъкидлашни истардим. Ҳозир авиамодель тўгараклари ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Кичик ва ўта кичик учувчи қурилмалар — авиамодель тўгаракларидаги машғулотлар асосидир.
Шавкат Миромонович,
11 йил давомида Тошкентдаги Авиация музейи ғояси бир неча бор қайта кўриб чиқилди ва тўлдирилди. Барча замонавий тенденциялар, ижтимоий жиҳатлар, лойиҳа ўзини молиявий қоплаши, мустақил фаолият кўрсата олиши ва бошқа кўплаб жиҳатлар ҳисобга олинди.
Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш бўйича чақириқларингиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бундай музей мамлакатимизнинг диққатга сазовор туристик объектларидан бирига айланади. Сизнинг кўрсатмангиз асосида мамлакатда споттингни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан бери Тошкентда ўтказилган расмий ва норасий тадбирларга турли давлатлардан юзлаб споттерлар келиб, қатнашди.
Бундан ташқари, музей авиатор сайёҳларни жалб қилиш учун ҳам улкан имкониятлар тақдим этади. Масалан, Франция жанубида жойлашган Тулуза шаҳридаги «Аэроскопия» авиация музейига йилига 200 мингга яқин меҳмон ташриф буюради. Марказий Осиёда авиасозликка бағишланган бирорта ҳам музей мавжуд эмаслиги инобатга олинса, Тошкент Авиация музейи минтақада ягона бўлади.
Музей учун жой танланган, бундан ташқари музейнинг лойиҳа-режаси ва 3D-модели мавжуд. Лойиҳанинг дастлабки ҳисоб-китоблари қилинган. Тахмин қилинаётган жой Олимпия шаҳарчаси ва Шарқий аэродром оралиғида, маҳаллалар тарафда жойлашган бўлиб, на Шарқий аэродром, на Олимпия шаҳарчасига фаолиятига халал беради. Аксинча, у Янги Тошкентнинг гавжум жойларидан бирига айланиб, маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринларини яратади.
Бу жой бекорга танланмаган. Бундай музейларни ташкил этишдаги энг асосий ва муҳим масала — самолётларни музей ҳудудига ташишдир. Агар музей ҳудуди таклиф этилаётган жойда очилса, бунинг учун самолётларни Шарқий аэродромнинг қурилаётган учиш-қўниш йўлагидан фойдаланган ҳолда шатакка олиб, тортиб олиш кифоя, бунда экспонатларни ташиш учун деярли харажат қилинмайди. Демонтаж, узоқ масофага ташиш ва яна қайта йиғиш техник жиҳатдан жуда мураккаб иш бўлиб, катта молиявий ва логистика харажатларини талаб этади. Турган самолётларнинг оғирлиги 30 тоннадан 60 тоннагача. Шаҳар инфратузилмаси уларни ташишга имкон бермайди.
Бундай жойлашувнинг яна бир муҳим жиҳати масаланинг тарихий томони билан боғлиқ. 1950 йиллардан то авиазаводи ёпилгунига қадар, Тошкент авиация заводи томонидан ишлаб чиқарилган самолётлар айнан шу аэродромдан ҳавога кўтарилган. Музейнинг «қадрдон» аэродромга яқин жойда жойлашиши уни том маънода муқаддаслаштиради.
Музей совет, постсовет ва замонавий давр экспозицияларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, музей ҳудудида:
- авиамодель тўгараги;
- техник кутубхона;
- мини кинозал;
- авиация мавзусидаги кафе;
- болалар майдончаси;
- экспонатларни таъмирлаш учун тўлиқ ангар;
- ўқув хоналари;
- об-ҳаво станцияси;
- астрономик кузатувлар учун платформа;
- парвоз симуляторлари
ва яна бошқа кўплаб нарсалар бўлади.
Музей ногиронлиги бор, имконияти чекланганлар учун ҳам қулай, тўсиқсиз муҳитга эга бўлади. У яшил майдонлари кенг, шаҳар шовқини ва тутунидан узоқда жойлашган ажойиб жамоат жойига айланади.
Музей пойтахтнинг энг юқори даражадаги расмий меҳмонлари ҳам ташриф буюриши мумкин бўлган асосий объектлардан бири сифатида фаолият юритиши ҳам мумкин.
Сўнгги йилларда самолётларни ҳокимлик бинолари олдига ёки шаҳар майдонлари ва боғларига ёдгорлик сифатида ўрнатиш оммалашди. Бу, умуман олганда, ёмон ташаббус эмас. Аммо унинг амалга оширилиши, афсуски, жуда паст савияда кечмоқда.
Маҳаллий маъмуриятлар одатда ёдгорлик-самолётларни лозим даражада сақлаб туриш учун зарур маблағ ва вақтга эга эмас. Оқибатда экспонатларнинг аҳволи жуда ёмонлашяпти. Энг хавфлиси, болалар бундай авариявий самолётлар остида ўйнайди, ваҳоланки, бу уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдиддир. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳар бир самолёт мамлакат тарихи, унинг ҳимояси ва шаклланиши билан боғлиқ ўз тарихига эга бўлса-да, ёдгорлик ҳақида ҳеч қандай лавҳачалар, ҳикоя ва маълумотлар йўқ.
Учтепа тумани ҳокимлигига ёдгорлик сифатида совға қилинган, операция хонасига эга бўлган иккита ноёб тиббий самолётлардан бири — Ан-26М ана шундай мисоллардан биридир. У ҳокимликка топширилган вақтда деярли парвоз қила оладиган ҳолатда эди. Орадан бир ярим йил ўтиб, самолёт қисмлари шикастланган, баъзи нарсалари эса ечиб олинган. Бу самолёт ҳақида мақола чоп этилгач, ҳокимлик самолётни бир кун ичида байроқ рангларига бўяди ва деразаларни метал билан ёпди. Афсуски, самолётнинг ҳолати аввалгидан ҳам ёмонроқ кўринишга келди.
Яна бир мисол — Урганч шаҳар боғидаги Ми-8 вертолёти. У бошдан оёқ бир хил рангли бўёқ билан бўяб ташланган.
Андижонда турган, камёб ҳисобланган Ту-124 самолёти эса маҳаллий аҳоли томонидан аста-секин металлолом учун ташиб кетилмоқда.
Ангрендаги Як-40 самолёти эса маҳаллий аҳоли томонидан ёқиб юборилган.
Афсуски, бундай мисоллар кам эмас.
Ишонч билан айта оламанки, бундай ачинарли аҳволда турган ёдгорлик самолётлари ёш авлодда на ватанпарварлик, на тарихга муҳаббат туйғусини уйғотмайди ва уларни бундай руҳда тарбиялашга хизмат қилмайди.
Музей эса барча самолёт ва вертолётлар қўриқланадиган ва парвариш қилинадиган ноёб маконга айланган бўлур эди, у болалар ва бошқа меҳмонларга техникага қизиқиш, экспонатларни асл шаклида кўриб, ўрганиш имконини беради. Музей фаолиятида, унда ўтказиладиган танловларда қатнашиб, вақтни мазмунли ва фойдали ўтказиш мумкин бўлади. Бундай музей юқори даражадаги ижтимоий объектга айланган бўлур эди.
Шавкат Миромонович,
мактубимни якунлар эканман, ўз номимдан ва мамлакатнинг юзлаб бошқа авиаторлари номидан Сиздан ушбу ноёб самолёт ва вертолётларни келажак авлод учун сақлаб қолишга ёрдам беришингизни илтимос қилиб сўрайман! Уларни Ватанимиз тарихининг бир қисми сифатида сақлаб қолишга ёрдам беринг! Биз ўз тарихимиз билан фахрланамиз ва фарзандларимиз ота-боболари бошдан кечирган қийинчиликларни ва келажак учун муносиб натижаларга эришганликларини билишларини истайман!
Сиз Тошкентдаги Авиация музейи лойиҳасини амалга ошириш учун бизнинг энг катта ва энг сўнгги имкониятимизсиз! Бу лойиҳани амалга ошириш учун эса, энг муҳими, ҳамма нарса — лойиҳа режаси, авиация тарихимиз ва музейни яратиш учун база бор.
Ҳурмат билан,
Аброр Сатимов,
«ТАПОиЧ» ДАЖнинг собиқ ходими, авиамоделчи, авиатехник, ўқитувчи, реставратор, аэронавигация бўйича мутахассис.