Тошкент вилоятида анча вақтдан бери сотилмаган 70 та объект пойтахтдаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлашга берилади. Бу ҳақда президент Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилишда маълум қилди.

Қайд этилишича, бунинг учун корхоналарда фаолият юритадиган ишчиларнинг 50 фоизи камбағал оиладан бўлиши керак.

Йиғилишда Тошкент шаҳридаги корхоналарга вилоятдаги қурилиши тўхтаган объектларга кўчиб ўтишни таклиф қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, мутасаддиларга «Шифобахш сувлар» ҳудудидан яна 5 та санаторий қуриш учун жой топиб, аукционга чиқариш, Шифобахш сувлар кўчасини кенгайтириб, атрофида йирик савдо, спорт ва кўнгилочар марказлар, кўп қаватли уйлар қуриш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш топширилди.