15 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги «Ёшлик-1» кони ҳамда унинг негизида қурилаётган 3-мисни бойитиш фабрикасини кўздан кечирди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Келтирилишича, Олмалиқ кон-металлургия комбинати рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда етакчи. Ўзбекистон ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизи, саноат маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Комбинат тизимида 35 мингга яқин киши ишлайди. Ўтган йили 148 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилган. 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Кейинги йилларда геологик қидирувлар ва инвестициялар миқдори ошгани натижасида ишлаб чиқаришнинг янги имкониятлари топилмоқда. Шулардан бири — «Ёшлик-1» кони. Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси йилига 65 миллион тонна маъдан. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.
Президент кондаги қазиш ишларини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди.
«Ёшлик-1» кони маъданларидан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси барпо этилмоқда. Унинг қурилиши 2021 йил 29 июлда бошланган. Бу йирик лойиҳанинг қиймати 4,6 миллиард доллар бўлиб, конни қазиш, фабрика ва унинг инфратузилмасини қуришни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда 200 миллион куб метр кон юзаси очилган, 41 километр темир йўл ётқизилган, 650 мегаваттли подстанция қўйилган. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа Европа давлатларидан ускуналар келтирилган. Фабрика ва бошқа инфратузилмалар қурилиши жадал кетмоқда, дейилади хабарда.
Давлат раҳбари ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари билан атрофлича танишди. Бўлажак заводнинг иқтисодий самарадорлиги, унда қўлланиладиган илғор технологиялар, иш жараёнидаги қулайликлар ҳақида ахборот берилди.
Мазкур фабрика биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу орқали йилига 917 минг тонна мис ва 2,5 минг тонна молибден концентратлари ишлаб чиқарилади. 5 минг 600 кишининг бандлиги таъминланади.
Шунингдек, фабрикада логистика жараёни ҳам қулайлаштирилади. Фабриканинг барча корпуслари орасида конвейерлар бўлади. Бу юк ортиш ва ташишни бартараф этиб, харажатларни қисқартиради. Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.
Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, Олмалиқда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида ҳам энг йирик ва ноёб кўрсаткичлардир, дейилади хабарда.