Андижон вилояти Улуғнор туманида 13 октябрь куни Spark ва Damas иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса тунги соат 01:30 да Улуғнор тумани «Ўзбекистон» маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-81 Наманган-Мингбулоқ транспорт қатнов йўлида содир бўлган.
Spark ҳайдовчиси чарчоқ ҳолатида ухлаб қолиб, руль бошқарувини йўқотиши ортидан қатнов қисмининг қарама-қарши томонига ўтиб кетган.
Ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Damas Spark билан тўқнашиб кетган. Тўқнашув оқибатида ҳар иккала транспорт воситалари тўлиқ ёниб кетган.
Uznews`нинг хабар беришича, ЙТҲ оқибатида икки киши воқеа жойида вафот этган. Яна икки нафар фуқаро эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Улуғнор тумани ИИБ тергов бўлинмаси масъул ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.