Тошкент шаҳри Миробод туманида ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган шахс бир нечта манзилда жойлашган гиёҳвандлик моддалари лабораториясидан фойдаланиб, синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келгани маълум бўлди.

«Ўзбекистон 24» телеканали хабар беришича, мана шундай манзиллардан бири Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида аниқланган. Шунингдек, фуқаронинг Тошкент вилоятида жойлашган хонадони кўздан кечирилганда, у ерда синтетик наркотик воситалар, турли контейнерлар, қўлқоплар, тарози ва газга қарши ниқоблар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Шу куни биринчи лабораториядан 4,8 кг, иккинчисидан эса 9,9 кг, жами 14,7 кг умумий нархи тахминан 1 млн долларга тенг бўлган синтетик гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Ашёвий далиллар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Эксперт-криминалистика маркази томонидан текширувдан ўтказилди. Марказ хулосасига кўра, олинган моддаларнинг барчаси синтетик гиёҳванд моддалар экани ўз тасдиғини топди.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.