Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасидаги аввал Miran меҳмонхонаси жойлашган, ҳозирда реконструкция қилинаётган бинонинг том қисмидаги ёнғин ўчирилди, деб хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.
Воқеа жойига биринчи ёнғин-қутқарув гуруҳи соат 17:24 да етиб келди. Ёнғинни ўчиришда жами 14 нафар экипаж иштирок этди. Соат 18:19 да ёнғин маҳаллийлаштирилиб, 19:16 да ўчирилди.
Ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Ҳолатни бартараф этиш жараёнига Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев бошчилик қилди. Тошкент шаҳри ҳокимлигининг хабар беришича, воқеа жойида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов, ФВБ, ИИББ, Миллий гвардия ва Тошкент прокуратураси раҳбарлари ҳам ишлаган.
ФВВ раҳбари Абдулла Қўлдошев.
Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Accor халқаро меҳмонхоналар гуруҳи Ўзбекистонда учта янги премиум меҳмонхона очишни режалаштираётганини эълон қилган эди. Улардан бири Swissôtel Tashkent бренди остида Miran International меҳмонхонаси базасида реконструкция қилинганидан кейин очилади. Тугатиш муддати 2023 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган эди.