Тошкентда тарихий олтин тангаларни сотиш ва хорижга олиб чиқишнинг олди олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва божхона идоралари ходимлари Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказган. Унда Олмазор туманида яшовчи А.Х. (1966 й.т.) ва Андижон шаҳрида яшовчи Э.С. (1963 й.т.) қўлга олинган.
Хабарга кўра, А.Х. 100 дона олтин тангани Э.С.га 67 минг долларга сотмоқчи бўлган.
Шунингдек, А.Х.га тегишли автомашинадан қўшимча 37 дона олтин танга ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги жами 776 грамм бўлган 5 ва 10 рубль кўринишидаги олтин тангалар нумизматик ашёлар сифатида маданий бойликлар сирасига киради ҳамда бадиий, тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.
Асллик даражаси 900 ва 916 бўлган мазкур қадимий тангалар 1897−1911 йиллар оралиғида босиб чиқарилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 950 миллион сўмни ташкил этади.
Аниқланишича, фуқаро Э.С. халқ тилида «Николай» тангалари деб айтиладиган ушбу тарихий, моддий қимматликларни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига олиб бориб, сотишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.