10−15 октябрь кунлари Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларида «Буюк Ипак йўли бўйлаб ҳаво шарларида» фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қўмита матбуот котибининг «Газета.uz»га айтишича, Шаҳрисабздаги Оқсарой майдони ҳамда Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасида ташкил этилган фестивалда жами 20 та ҳаво шари учирилган. Ҳаво шарлари 500 метрдан 900 метргача бўлган баландликка кўтарилган.
Қайд этилишича, «Мусаффо осмон» шиори остида ўтказилган халқаро ҳаво шарлари фестивалида Бразилия, Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Россия, Франция ва Швейцариядан ташриф буюрган аэронавт спортчилар иштирок этиб, улар ҳам Шаҳрисабз ва Хива осмонига кўтарилди. Улар орасида ҳаво шарида 117 давлатда парвоз қилган ягона аёл Элли Данингтон ҳам бор. Германиялик учувчи Элли Данингтон Хива узра парвоз қилиб, ўзининг дунё рекордини янгилади: Ўзбекистон у парвоз қилган 118-давлат бўлди.
«Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда аёллар учун янги имкониятлар яратишни мақсад қилмоқда. Шу муносабат билан Элли Данингтон аёл-учувчилар учун мактаб очишни режалаштирмоқда. Фестиваль аэронавтика соҳасини алоҳида туризм ва дам олиш йўналиши сифатида ривожлантиришга янги туртки бўлиши, шунингдек, сайёҳлар учун хизматларни хилма-хил қилишга ёрдам бериши кутилмоқда», — дейилади қўмита ахборотида.
Таъкидланишича, ушбу тадбирлар мамлакатнинг ноёб маданияти ва анъаналарини намойиш этиш, шунингдек, аэронавтлар ва ҳаво шарларига қизиқувчилар ўртасида халқаро мулоқот ва тажриба алмашиш учун платформа яратади.
Фото
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда экстремал туризмни ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифасини қўйган эди. Давлат раҳбари мамлакатда Туркия Каппадокияси мисолида ҳаво шарлари ҳудудини яратишни, Мўйноқ аэропортида парашютдан сакраш тизимини йўлга қўйиш мумкинлигини айтганди. Экология, транспорт ва мудофаа вазирларига экстремал туризмни ривожлантириш дастурини қабул қилиш топширилган эди.