Шавкат Мирзиёев иштирокида Олмалиқ шаҳрида 15 октябрь куни Тошкент вилояти ривожининг ҳозирги ҳолати ва келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти туман ва шаҳарлар сони бўйича республикада биринчи ўринда туради. Ҳудуддаги давлат идораларида салкам 10 минг ходим ишлайди. 1025 та маҳаллада 6123 нафар «маҳалла еттилиги» бор. Бу ички имкониятларни ишга солиб, шаҳару қишлоқларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун етарли куч экани таъкидланди.

Бундан ташқари, қўшимча 13 миллиард доллар инвестиция, 500 минг иш ўрни, бюджетга 3,5 триллион сўм тушум қилиш имкониятлари аниқланган. Бу имкониятларни натижага айлантириш учун 22 та туман-шаҳарнинг ҳар бири бўйича ҳукматнинг алоҳида қарорлари чиқиши айтилди.

Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилади. Улар ёнма-ён жойлашган бўлиб, хомашё захирасига жуда бой. Шу боис бу шаҳар ва туманларда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун — «саноат учбурчаги» дастури амалга оширилиши айтилди.

Масалан, Олмалиқ комбинати йилига 9 триллион сўмлик маҳсулот харид қилаяпти. Бу — атрофда жойлашган 5 та шаҳар ва туман учун катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.

Умуман, йил якунигача хорижий инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш, 661 та лойиҳани якунлаб, 30 минг янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.

Машинасозлик соҳасидаги талабни тўлиқ таҳлил қилиб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳамда йирик корхоналар билан кооперациясини кучайтириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Боғдорчилик бўйича янги тизим асосида Оҳангарон ва Бўстонлиқдаги тоғолди ерларда малина ва голубика плантацияси, Паркент ва Оҳангаронда узум ва гилос боғлари ташкил қилиниши айтилди. Ангренда анор шарбати ишлаб чиқариш, Оҳангарон туманида олхўрини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бу йил ҳам Тошкент вилоятидаги оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун қўшимча 5 минг гектар ер берилади.

Умуман, вилоятни боғдорчиликда намунали ҳудуд қилиб, экспортни 300 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатма берилди.

саноат учбурчаги, тошкент вилояти, шавкат мирзиёев

Тошкент вилояти кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилиш бўйича республикада энг охирги ўринда. Вилоят саноатининг атиги 25 фоизи кичик бизнесга тўғри келади. Шу боис тадбиркорликни ривожлантириб, аҳолига даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бунинг учун бир йил ичида «Сайхунобод» тажрибаси асосида 27 минг, «Зарбдор» тажрибаси асосида 8,5 минг, «Уйчи» тажрибаси асосида 39 минг, «Ғиждувон» тажрибаси асосида 10 минг камбағал аҳолини банд қилиш вазифаси белгиланди. Кичик тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратиладиган 1 триллион сўм имтиёзли кредит ва 32 миллиард сўм субсидиялар натижасида 30 минг аҳоли тадбиркорликка жалб қилинади.

Таъкидланишича, кейинги пайтларда Тошкент вилоятидан хорижга арзон ишларга кетганлар 30 мингга камайган. Лекин ҳали 158 минг киши чет элда меҳнат қилаётгани қайд этилди.

Энди Миграция агентлиги фаолияти такомиллаштирилиб, аҳолини хавфсиз ва юқори даромадли иш билан таъминлаш бўйича янги ёндашувлар жорий этилади. Чет элда мавсумий ишлаб қайтган ва яна кетиш истагида бўлган кишиларга юқори даромадли касблар ўргатилади. Касб-ҳунари борлар хорижий тилларга ўқитилади.

«Гўзал табиати, қулай инфратузилмаси бор Тошкент вилоятида туризм салоҳияти юқори. Лекин таклифга нисбатан талаб кўп бўлгани сабабли нархлар қиммат. Туризм масканларини кўпайтириб, хизматлар ҳажмини 2 карра ошириш, 10 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти борлиги қайд этилди. Мутасаддиларга келгуси йил учун 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди», — дейилади хабарда.

Йиғилишда қиш мавсумига тайёргарлик, энергия истеъмоли масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Йирик корхоналарда энергия сарфи юқори ускуналарни тежамкорига алмаштириш, маҳаллаларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.