Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябр куни Тошкент вилоятида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида ташқи меҳнат миграцияси масаласига алоҳида тўхталди.

«Ҳар сафар бу ерга келганимизда ҳар бир шаҳар ва туман ривожи нима бўлади, нималарга эътибор беришимиз керак, деган кўндаланг савол туради. Бугун сизлар билан учрашувимдан мақсад — Тошкент вилояти тажрибаси нуқтаи назаридан Тошкент тумани мисолида ишсизликни йўқ қилиш, чет элда бўлганларни қайтариш, вилоятда бўлган 62 минг аҳолини камбағалликдан чиқаришни менга айтиб беришди», — деди давлат раҳбари. (Ўзбекистон 24 телеканали лавҳасига кўра).

Маълум қилинишича, бугунги кунда Тошкент вилоятининг 157 минг нафар аҳолиси хорижда бўлиб турибди.

«Менинг энг катта мақсадим, агар улар 1500−2000 доллар олса, бу нур устига аъло нур, биз уларга кўмакчи, елкадош бўламиз. Лекин ундан кам ойлик олса, ўзимизда шароит яратиб ишлатсак, ўйлайманки, ана шунда адолатли тизим бўлади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 4 апрелдаги фармонига кўра, Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатлар қопланиши мумкин (башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда). Қолаверса, чет элда қийинчиликка дуч келганлар ёрдам олишлари мумкин. Бундан ташқари, меҳнат миграциясидан меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга ошиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу Марказий банкнинг дастлабки прогнозларидан 2 баробар кўпдир. АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва Польшадан тушумлар кескин ошди. Россиянинг улуши пасайишда давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида 100 минг нафарга яқин фуқарони ташкилий ишга қабул қилиш орқали хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Кейинчалик, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея, Польша, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун 50 минг бўш иш ўринлари учун қабул эълон қилди. Бу борада меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.

Сентябрь ойида Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди. Ҳужжат малакали мутахассислар, жумладан, талабалар ва профессионал таълим олаётган шахслар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида ишлашга интилаётган журналистлар ва олимларнинг ҳаққоний мобиллигини рағбатлантиришни назарда тутади.