14 октябрь куни E-auksion орқали «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг Тошкент шаҳридаги офис биносини сотиш бўйича савдо-сотиқ ўтказилди.
Аукцион 13 дақиқа давом этди ва битта таклифдан сўнг якунланди. Тендер ғолиби Pozitive Leader Partner компанияси бўлиб, у лот учун 100,37 миллиард сўм таклиф қилди. Бу бошланғич нархдан (93,6 миллиард сўм) 5 фоиз юқори эди.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Pozitive Leader Partner 2013 йил июль ойида Тошкент шаҳрининг Миробод туманида рўйхатдан ўтган, аммо компания веб-сайтида у Ўзбекистон бозорида 2002 йилдан бери фаолият юритаётгани айтилади. Асосий фаолият тури — фасад ишлари, фасад-парда ва профиль тизимлари, ПВХ тизимлари, эшик тизимлари, керамик плиталар бўйича турли хил хизматлар кўрсатиш. Лойиҳалар орасида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Mega Planet савдо маркази, UzOman инвестиция фонди, Миллий олимпия қўмитаси бинолари ва бошқалар кўрсатилган.
Таъсисчилар — Шавкат Очилов (50%), у корхонага раҳбарлик ҳам қилади ва Раушания Халяпова (50%).
Spot хабарига кўра, Яккасарой туманидаги беш қаватли бино Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан август ойида савдога чиқарилган. Объект Дўстлик боғи ва Ўзбек тили ва адабиёти университети ёнидаги 22 сотих майдонда жойлашган.
Биноларнинг умумий майдони 5903 квадрат метрни ташкил этади. Барча коммуникациялар — газ, электр энергияси, ичимлик суви, канализация мавжуд.
Май ойида Халқ банкининг Тошкентдаги Қатортол бозори ёнидаги бош офиси биноси қарийб 120 млрд сўмга сотилди. Аукциондаги ягона таклиф Oazis Samarkand умумий овқатланиш компанияси томонидан тақдим этилди.