15 октябрь куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов Стокгольм шаҳрига келди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Раҳматулла Нуримбетов мазкур лавозимга тайинланишидан аввал 2023−2024 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Дипломат 47 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) ва Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида бошлаган.

2003 йилдан буён ТИВ тизимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида вазирликнинг марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Германия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаб, ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасига кўтарилган. Бундан ташқари, 2018−2024 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори вазифасида ишлаган.

Раҳматулла Нуримбетов 2022—2024 йилларда Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонасига раҳбарлик қилган Нодир Ганиев ўрнига тайинланди. У мамлакатнинг Франциядаги элчиси бўлганди.