Тошкент вилояти учун 1000 та янги автобус харид қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раислигида ўтказилган йиғилишда сўз борди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Зойир Мирзаев, хусусан, вилоят маъмурий маркази — Нурафшон шаҳрини вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари билан боғлайдиган янги автобус йўналишларини ташкил этиш учун автотранспорт воситалари харид қилиш бўйича топшириқ берди.

Нурафшон янги ташкил этилган линиялар учун логистика марказига айланади. Вилоят транспорт бошқармаси маршрутларни режалаштириш учун аҳоли ўртасида сўровнома ўтказади.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси ҳам муҳокама қилинди. Асосий масала камбағалликни камайтириш ва меҳнат мигрантлари билан ишлаш эди, энди улар маҳаллий ҳокимиятлар учун устувор вазифага айланади.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари: «Агар улар 1500−2000 доллар олса, бу нур устига аъло нур, биз уларга кўмакчи бўламиз. Лекин ундан кам ойлик олса, ўзимизда шароит яратиб ишлатсак, ўйлайманки, адолатли тизим бўлади», — деб таъкидлаганди.

Зойир Мирзаев расмий ҳисоботлардан воз кечиб, реал амалий натижага эришиш муҳимлигини таъкидлади. У вилоят шаҳар ва туманлари ҳокимлари олдига ҳар куни камида 20 нафар мигрант билан онлайн мулоқот қилиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, вилоятда мигрант аёлларни ўз ватанига қайтариш бўйича штаб ташкил этилиб, унга ҳокимнинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Зуҳра Миргазиева раҳбарлик қилади. Мазкур штаб хориждаги ватандошларнинг меҳнат шароити, ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганади. Уларнинг хоҳишларига кўра, хотин-қизларнинг Ўзбекистонга қайтиши ва ишга жойлаштирилиши чоралари кўрилади.