Ўзбекистон президентининг 2024 йил май ойида имзоланган 313-сонли қарорига асосан, метрополитен ходимларига ижтимоий уйлар қурилмоқда. Бу ҳақда 9 октябрь куни Халқаро пресс-клубда Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қайд этилишича, кўп қаватли уйлар метрополитенга қарашли бўлган Яшнобод туманидаги «Ўзбекистон» электродепоси ҳудудининг бўш турган 70 сотих ер майдонида барпо этилмоқда.

«Режага кўра, тўртта 7 қаватли уй қурилиб, унда 1 ва 2 хонали жами 416 та хонадон бўлади. Ҳозирда тизимда 6 минг 300 га яқин ходим фаолият юритмоқда. Қурилаётган уй-жойлар асосан, уйсиз ходимларга, яъни кўп йилдан бери ишлаб келаётган ҳамда ёш оилаларга берилади. Бошланғич тўловнинг маълум қисми имтиёз сифатида метрополитен томонидан қопланади», — деди Тошкент метрополитени бошлиғининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Исмоил Нигманов «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида.

Унинг қўшимча қилишича, кўп қаватли уйларни қуриш жараёни айна пайтда қизғин давом этмоқда. Биринчи кўп қаватли уйни 2025 йилнинг январь ойида топшириш режалаштирилган.